Расман! Александр Исак “Ньюкасл” футболчисига айланди

Спорт 1663
image

Швеция терма жамоаси ва Испаниянинг “Реал Сосьедад” клуби футболчиси Александр Исак “Ньюкасл”га ўтди. Бу ҳақда инглиз клуби расмий сайтида хабар берилди.

Қайд этилишича, “қарғалар” 22 ёшли швециялик футболчи билан узоқ муддатли шартнома имзолаган. “Ньюкасл” Исак учун 65+5 миллион евро тўлайди. Бу инглиз клубининг бутун тарихи давомида амалга оширган энг йирик хариди бўлди. Шунингдек сан-себастьянликлар ҳам ҳеч қайси футболчисини бунчалик қимматга пулламаган.

Саудия Арабистони ҳукумати инвестиция фонди "Public Investment Fund"  2021 йилнинг октябрь ойида “Ньюкасл”ни 300 миллион фунт эвазига сотиб олган эди. Ушбу фонднинг активлари 430 миллиард еврони ташкил қилади. Араблар қўлига ўтгач, “қарғалар” ўз сафига бир нечта юлдуз футболчиларни таклиф қилишга уринди. Аммо ҳеч бири омадли якунланмади. Александр “Ньюкасл” учун илк юлдузли харид бўлди.

Маълумот учун, жорий мавсумда 22 ёшли футболчи “Реал Сосьедад” сафида иккита учрашувда майдонга тушиб улгурган эди. “Барселона”га қарши учрашувда Исак ажойиб тарзда гол киритган. “Transfermarkt” портали швециялик иқтидор эгасини 30 миллион еврога баҳоламоқда.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 11
Рейтинг: 3.2
t
×