Рамазонда эҳтиёжманд аҳоли учун 1 трлн сўмдан ортиқ пул ажратилади
Жамият
−
16 Февраль 3674 3 дақиқа
Ўзбекистонда Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳоли учун “Вақф” хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда бугун, 16 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва адолатли жамият барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилганидек, Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида фуқаролар фаровонлигини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини кучайтиришни устувор вазифа деб билади. Мазкур тамойиллар, айниқса, Рамазон ойида янада ёрқин намоён бўлиб, саховат ва ҳамжиҳатлик қадриятлари амалий ишлар билан мустаҳкамланмоқда.
Йиғилишда давлат раҳбари муборак ойда нуронийлар, ёлғиз ва эҳтиёжманд фуқаролар ҳолидан хабар олиш, оғир аҳволга тушиб қолган оилаларга амалий кўмак бериш эзгу қадрият эканини таъкидлаган.
Шунингдек, йиғилишда шу мақсадда ишлаб чиқилган “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остидаги комплекс чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берилган. Уларни амалга ошириш учун “Вақф” хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.
Ажратиладиган маблағлар ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бор шахсларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари харажатларини қоплаб бериш кўзда тутилган.
Президент жорий йил январь ойида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бугун турли радикал ва экстремистик ғоялар ахборот технологиялари орқали ёшлар онгини заҳарлашга уринаётгани, фақат жазо ва тақиқ билан бу муаммони ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлаган эди.
Айни дамда Президент жамият оналари ва келажак авлод тарбиячилари бўлган хотин-қизларни бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш, уларни ҳам маънан, ҳам моддий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида урғу берган.
Бу жараёнда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахсларни ижтимоийлаштириш, моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг оилалари билан индивидуал тарзда ишлаб, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда касб-ҳунарга ўргатиш орқали бандлигини таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Президент ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилаларнинг аниқ ва шаффоф рўйхатини шакллантириш, ёрдамларни фуқароларнинг дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ва адолатли тарзда етказиш шартлигини алоҳида таъкидлаган. Масъул идораларга бу борада қатъий назорат ўрнатиш топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда жорий йилда Рамазон ойи 19 февралдан бошланиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиТаровеҳ намозини ўқиш вақтлари эълон қилинди
17 Февраль