Рамазон рўзасини қасддан бузса, қандай каффорат тўлашга тўғри келади?

Фойдали

image

Рамазон рўзаси шом вақтига қадар тутилади. Ундан олдин оғиз очиш мумкин эмас. Агар қасддан очилса, бунинг учун каффорат тўлашга тўғри келади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси  фатво ҳайъати бу ҳақда маълумот берди.  

“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рўзадор қасддан, яъни рўза тутгани эсида бўла туриб овқат еса, сув ичса ёки жинсий алоқа қилса, рўзаси бузилади. Бу ҳолатда ҳам қазо, яъни бузган рўзасини тутиши, ҳам каффорат вожиб бўлади. 

Рўзанинг каффорати қуйидагилардан иборат: 

- Бир қул озод қилиш. 
- Агар бунга қодир бўлмаса кетма-кет икки ой рўза тутиш. 

Бунда бир кун қазосидан ташқари икки ой ҳисобланади. Ҳозирги кунда қулдорлик йўқлиги сабабли қул озод қилишга қодир бўлмаслик табиийдир. Ушбу олтмиш кун кетма-кет тутиладиган рўза шариатда рўза тутиш мумкин бўлмаган кунлар яъни, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари ва Қурбон ҳайити кунидан кейин уч кун, жами беш кунга тўғри келиб қолмаслиги керак.  

Бунга ҳам имконияти бўлмаса, олтмиш нафар фақир кишига фидя миқдорича таом беради ёки таомнинг қийматини беради. Бир фақир кишига олтмиш кун таом берса ҳам бўлади. Аммо бир фақирга олтмиш кунлик таомни бир кунда берса жоиз бўлмайди. 

“Раддул муҳтор” китобида шундай дейилади: “Ким икки жинсий йўлнинг бирига қасддан яқинлик қилса, озуқа ёки даво бўладиган нарсани еса ёҳуд ичса унинг зиммасига қазо ва каффорот лозим бўлади. Унда,  аввало, бир қул озод қилади. Тополмаса, икки ой кетма-кет рўза тутиб беради. Унга ҳам қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдиради".

Зиммасига каффорат лозим бўлган киши рўза тутишга қодир бўла туриб, таомлантириш йўли билан каффоратни адо қилмоқчи бўлса, каффорат адо бўлмайди. Чунки тартиб бузилган бўлади. 

Каффорат рўзасини тутаётган аёл орада ҳайз кўриб қолса, каффоратни қайтадан бошламайди, балки узри кетгач давом эттиради. Нифос қонини кўрса, каффоратни қайтадан бошлайди. Чунки нифос қони бу масалада узр ҳисобланмайди (“Раддул муҳтор”).

Каффорат рўзасини тутаётган киши олтмиш кун ичида бирор кунни қолдирса каффорат бузилади ва рўза тутишни бошидан бошлайди.

“Фатавои Ҳиндия” китобида шундай маълумот келади: Рамазоннинг қазоси ва каффоратини тутаётган киши субҳи содиқ кирмасидан аввал мана шу рўзаларни тутишни ният қилишлари шарт. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди. Шунинг учун саҳарликка туролмай қолишидан қўрққан киши қуёш ботганидан кейин эртанги куннинг қазо ёки каффорат рўзасини тутишни ният қилдим, деса кифоя қилади".

Таъкидланишича, Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни бузишда каффорат йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Рамазон

Баҳолаганлар

609

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг