Ракета ҳужуми кучимизнинг фақат бир қисми эди – Пезешкиён
Олам
−
02 Октябрь
15791Исроилга ракета зарбаси Эрон манфаатлари ва фуқароларини ҳимоя қилиш учун йўлланди. Бу ҳақда Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ўзининг X’даги саҳифасида ёзиб қолдирди.
У 1 октябрдаги операция "Эрон кучининг фақат бир қисми" эканини таъкидлади.
“Бу ҳаракат Эрон манфаатлари ва фуқароларини ҳимоя қилишга қаратилган эди. Нетаньяхуга Эрон урушқоқ эмаслигини, лекин у ҳар қандай таҳдидга қатъий қарши туришини билдириш учун. Эрон билан зиддиятга тушманг”, деб ёзди Президент.
Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Х’да эълон қилинган хабарида иброний тилида Исроилга қарши “зарбалар кучлироқ ва оғриқлироқ" бўлишидан огоҳлантирди.
“Инқилобий фронтнинг зарбалари сионистик режимнинг эскирган ва чириган танасига кучлироқ ва оғриқлироқ бўлади”, деди у.
Пентагон матбуот котиби генерал-майор Патрик Райдер ҳам Эроннинг Исроилга қарши бу сафарги ҳужуми апрель ойидаги Эрон ҳужумидан икки баравар катта эканлигини айтди.
"Охирги марта учирилган баллистик ракеталар сони бўйича улар икки баравар кўп. Сиз бирор нарсани уриш ниятисиз нишонга шунчалик кўп ракеталарни учирмайсиз. Тўғри, охирги марта бўлгани каби, уларнинг мақсади ҳалокатга олиб келиш", деди Пентагон воизи.
Қайд этиш жоиз, мазкур ҳужум Исроил шимолий чегараси орқали Ливанга Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ”ни нишонга олган қуруқликдаги операциядан кейин содир бўлди. Исроил 27 сентябрь куни ҳаво ҳужумида “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳни ўлдирди ва Яқин Шарқдаги энг қудратли ҳарбийлаштирилган куч раҳбариятини йўқ қилиб, янги минтақавий уруш қўрқувини кучайтирди. Эроннинг бу сафарги зарбаси ҳам Теҳронда ўлдирилган ҲАМАС етакчиси Исмоил Хония ва Байрутда ўлдирилган Ҳасан Насруллоҳ учун қасос экани айтилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 октябрь куни кечқурун Эрон Исроилга ракеталар билан зарба берганди. Исроил армияси радиоси Эрондан Исроилга 200 га яқин ракета учирилганини айтди. Кейинроқ Исроил ҳарбийлари аниқ овоз чиқариб, аҳоли ўз бошпаналарини эркин тарк этишларини билдирди. Исроил Эронга "оғриқли жавоб" беришга ваъда берди. Исроил нашрлари армия бугун, 2 октябрь куни тунда бутун Яқин Шарқ бўйлаб кучли зарба бериши кутилаётганини ёзди.
LiveБарчаси