Рафаҳга ҳужум кечиктирилиши мумкин – Нетаньяху
Олам
−
26 Февраль
3530Исроил ва ҲАМАС ўртасида маҳбуслар алмашинуви бўйича келишувга эришилса, Исроилнинг Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужуми "кейинга сурилиши" мумкин. Бу ҳақда яҳудий давлати Бош вазири Биньямин Нетаньяху Американинг CBC News телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Нетаньяху ҲАМАСнинг 24 батальонидан 18 таси йўқ қилинганини даъво қилди ва Рафаҳ шаҳрига ҳужум бошланганда "ҳужумнинг интенсив босқичи ойлар эмас, ҳафталар ичида якунланишини" айтди.
Нетаньяхунинг сўзларига кўра, у армиядан Рафаҳга ҳужум қилиш ва тинч аҳолини эвакуация қилиш бўйича икки томонлама режа тақдим этишни сўраган.
“Агар асир алмашиш бўйича келишувга эришсак, Рафаҳга ҳужум бироз кечиктирилади. Аммо ҳужум барибир содир бўлади", дейди Бош вазир.
Маълумот учун, Ғазо сектори жанубида Миср билан чегарада жойлашган Рафаҳ шаҳрида Исроил ҳужумларидан олдин 280 мингга яқин фаластинлик истиқомат қилган. Исроилнинг 2023 йил 7 октябрь куни уюштирган ҳужумлари оқибатида 2,3 миллион аҳолиси бўлган Ғазо секторида 1,9 миллион киши ўз уйини тарк этди. Кўчирилган фаластинликларнинг аксарияти Исроил аввалроқ “хавфсиз” деб эълон қилган Рафаҳдан бошпана топган. Рафаҳ аҳолиси шимолдан келганлар билан тўрт баравар кўпайиб, 1,4 миллионга етди.
Етарли уй-жой йўқлиги сабабли Рафаҳдан бошпана топган фаластинликларнинг аксарияти вақтинчалик чодирлардан иборат лагерларда омон қолишга ҳаракат қилмоқда.
Исроил кучлари тез-тез Рафаҳ шаҳрига ҳаво ҳужумларини амалга оширади. Исроил шаҳарга қуруқликдан ҳужум қилса, тинч аҳоли бошпана топа олмайди, деган хавотир бор.
Эслатиб ўтамиз, 12 февралга ўтар кечаси Исроил Қуролли кучлари Рафаҳга йирик зарбалар берганди. Портлашлар оқибатида 100 киши ҳалок бўлган, 230 дан ортиқ киши жароҳатланганди. АҚШ Президенти Жо Байден эса Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан телефон суҳбатида тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича аниқ режаларсиз Рафаҳ шаҳрида ҳарбий операция ўтказмасликни тавсия қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь