Раъно Ярашева ва Дилноза Кубаева Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланди

Маданият-санъат 7822
image

Кеча, 15 ноябрь куни бир гуруҳ театр актёрлари Қорақалпоғистон Республикасининг юксак мукофотлари билан тақдирланди. 

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг қарори билан Ўзбекистон халқ артисти, Туркманистонда хизмат кўрсатган артист Мирзагул Сапаева 60 ёшни қарши олгани муносабати билан ташкил этилган юбилей кечасида “Қорақалпоғистон халқ артисти” юксак унвони билан тақдирланди.

Ўзбекистон Миллий академик драма театри актёрлари –  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ҳожиакбар Комилов ва Раъно Ярашева ҳамда актриса Дилноза Кубаева “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист” унвони билан тақдирланди.

Шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри вокал артистлари – Гулсара Жуманиязова, Сулухан Ганиева ва Купжурсин Алланазаровлар “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист” унвони билан тақдирланди.

QALAMPIR.UZ мухбири мукофотланганлар Раъно Ярашева ва Дилноза Кубаева билан боғланиб, уларнинг таассуротларини сўради.

“Мен Қорақалпоғистон Республикасининг ҳамма туманларида бўлганман, маънавият ва тарғибот тадбирларида, халқимиз билан учрашувларда иштирок этганман. Қилган меҳнатларимиз инобатга олинар экан. Бир неча бор Қорақалпоғистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда спектакллар намойиш этганмиз. Жумладан, Ўрозбой Абдураҳмоновнинг “Ўжарлар” спектаклини Қорақалпоғистон санъат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Азимов бизнинг “Миллий” театрда саҳналаштирган, бу спектакль мана ўн йилдирки, намойиш этиб келинади. Биз қорақалпоқ актёрлари билан биргаликда “Ўтган кунлар” спектаклини ҳам намойиш этдик. Мен 1999 йилда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвонини олганман. Орадан 23 йил ўтиб, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвони берилди. Бу мен учун жуда катта фахр, бунда икки халқнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббати акс этади”, дейди Раъно Ярашева.

Кино ва театр оламида аллақачон 20 йиллик йўлни босиб ўтган Дилноза Кубаева эса устоз санъаткорлардан сўнг уни номи ҳам эълон қилиниши ўзи учун кутилмаган ҳолат бўлганини айтди.

“Қорақалпоғистонда “Ўтган кунлар” ва “Ўжарлар” спектаклларини намойиш этяпмиз. Ушбу спектаклларни томошабинлар катта ҳурмат ва олқишлар билан яхши кутиб олишяпти. Кечаги кун эса биз учун катта байрамга айланиб кетди. Устозларим Ҳожиакбар Комилов ва Раъно Ярашевадан сўнг фамилиям эълон қилингани мен учун кутилмаган ва жуда қувонарли бўлди”, дейди Кубаева.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 97
Рейтинг: 3.2
t
×