“Раҳмат, Америка!” Нетаньяху ва Зеленский АҚШнинг саховатпешалигини улуғлади
Олам
−
21 Апрель
9191Украина Президенти Владимир Зеленский ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Конгресси Вакиллар палатасига икки мамлакатга ҳарбий ёрдам бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллагани учун миннатдорлик билдирди ва ҳужжат Сенатда қўллаб-қувватланишига умид билдирди. Улар бу ҳақда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилган.
Қайд этилишича, 20 апрель, шанба куни АҚШ парламентининг қуйи палатаси Украинага қарийб 61 миллиард доллар ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилган.
“Мен АҚШ Конгресси Вакиллар палатасига, ҳар икки партияга ва шахсан спикер Майк Жонсонга тарихий қарор учун миннатдорлик билдираман. Демократия ва эркинлик ҳар доим глобал аҳамиятга эга бўлиб қолади ва Америка уни ҳимоя қилишга ёрдам берса, мамлакат ҳеч қачон муваффақиятсизликка учрамайди”, деган Украина раҳбари.
Унга кўра, АҚШ Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган ҳаётий ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳаси урушнинг кенгайишига йўл қўймайди, минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолади ва иккала халқнинг иродасини янада кучлироқ қилишга ёрдам беради.
“Умид қиламизки, қонун лойиҳалари Сенатда қўллаб-қувватланади ва Президент Байденнинг столига юборилади. Раҳмат, Америка!", деган у.
Исроил етакчиси Биньямин Нетаньяху ҳам АҚШ конгрессменларига Исроилга ҳарбий ёрдамни ўз ичига олган қонун лойиҳасини қабул қилгани учун раҳмат айтган.
Унга кўра, бу маблағлар бутун Ғарб цивилизациясини ҳимоя қилишга сарфланади, ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳаси икки партиянинг Исроилни кучли қўллаб-қувватлашини кўрсатади.
"Раҳмат, дўстлар, раҳмат, Америка!" дея таъкидлаган у.
Эслатиб ўтамиз, 19 апрель куни АҚШ Фаластиннинг БМТга аъзолиги ҳақидаги резолюцияга вето қўйган эди.
LiveБарчаси