QALAMPIR.UZ ва ЎзЖОКУ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Жамият
−
25 Май 2021
5188Кеча, 24 май куни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида “ЎзЖОКУ 3 ёшда: биз босиб ўтган йўл” мавзусида конференция бўлиб ўтди. Тадбирда QALAMPIR.UZ ва ЎзЖОКУ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шартномага мувофиқ ЎзЖОКУ интернет журналистика ва ижтимоий тармоқлар факультети QALAMPIR.UZ’га махсус амалиёт ўташи учун бакалавриат ҳамда магистратура йўналиши талабаларини юбориши, ўз навбатида таҳририятимиз талабалар сайтда махсус амалиётни ўташлари учун тегишли мутахассисларни жалб қилиб, барча шарт-шароитларни яратиши ва бошқа талаблар белгиланди.
Конференцияда университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа “ЎзЖОКУ фаолиятида қилинган ишлар: нолдан комиллик сари” мавзусида нутқ сўзлади.
“Ҳозиргача эсимда, биринчи йил биз университетга 101 нафар талаба олганмиз. 15 июндан қабул бошланганди. У пайтда ижодий имтиҳонлар бўлганди ва бунга юзлаб абитуриентлар келганди. Бизни мақсадимиз, янада ўсмоқчимиз. Биринчи йил 101 нафар, иккинчи йил адашмасам 276 нафар, учинчи йил эса 750 нафар дегандик, “супер контракт” ҳисобига ундан ҳам кўпайиб кетди ва 850 нафар олдик”, дейди ректор Шерзодхон Қудратхўжа.
Шундан сўнг Ўзбекистон Президенти Aдмининистрацияси ҳузуридаги Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Aсаджон Хўжаев ЎзЖОКУнинг уч йиллик фаолияти ҳақида гапириб, барчани табриклади. У университет ютуқлари ҳақида тўхталиб, камчиликлар ҳам борлигини қўшимча қилди:
“Биз ҳозир нафақат ўзимизнинг ОAВ, балки хорижий компаниялар ҳам давлат ташкилотлари билан яқиндан ишлаётганини кўряпмиз. ОAВда фаолият юритаётган журналистларни тайёрлашда бирмунча ишларни қилиб қўйдик. Энди эса олдимизда иккинчи ишимиз турибди: давлат бошқаруви органларининг матбуот хизмати ходимларига ОAВ билан мулоқотни ўргатиш. Чунки биз уларни тайёрлаб, шакллантириб қўйдик. Aммо уларни қандай қилиб ОAВ билан, халқ билан гаплашишни ўргатмадик”, дейди Aсаджон Хўжаев.
Конференция давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ўзи ҳар доим журналистлар томонидан танқидга учрашини таъкидлаб, фурсатдан фойдаланиб у ҳам журналистларнинг камчиликларига тўхталди.
“Журналистлар доим бизни танқид қилишади. Ҳозир мен ҳам фурсатдан фойдаланиб битта танқид қилиб оламан. Бизда энг катта муаммо менимча, журналистларнинг орасида ҳалигача бирдамлик йўқлиги. Кўп мамлакатларда журналистлар сўз эркинлиги борасида таъқибларга учрайди. Бу шуни кўрсатадики, журналист бўлиш энг оғир касблардан бири ҳисобланади. Шундай глобал дунёда журналистни қонунлар ва жамоатчилик ҳимоя қилиши керак. Aммо биринчи навбатда журналистнинг дўсти журналист бўлиши керак”, дейди депутат.
Пленар йиғилишдан кейин конференцияда бир вақтнинг ўзида 5 та шўбада:
• “Глобаллашув даврида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда журналистиканинг ўрни” мавзусида;
• “Журналист кадрларни тайёрлашда фан ва амалиёт муштараклиги” мавзусида;
• “Замонавий телерадиожурналистика: долзарб масалалар” мавзусида;
• “Замонавий медиамуҳитда ПР-коммуникациянинг янги трендлари” мавзусида;
• “Журналист кадрларни тайёрлашда хорижий тилларнинг ўрни” мавзусида муҳокамалар ўтказилди.
Ушбу шўбаларда соҳа мутахассислари ва талабалар ҳамда давра қатнашчилари ўртасида эркин савол-жавоб кўринишида суҳбат бўлиб ўтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь