QALAMPIR.UZ 8 ёшда!
Бу қизиқ
−
11 Ноябрь 2023
5232Ахборотнинг, компьютерингиз ва гаджетларингизда кўраётган, эшитаётган ва ўқиётган ахборотларингизнинг кайфияти борми? Албатта, бор. Нега йўқ бўлсин?! Биз кун-у тун турли кайфият ва турли мазмундаги маълумотларни узатар эканмиз, уларнинг у ё бу шаклда сизга таъсир кўрсатишини биламиз. Дунёмизни урушлар, қуролли тўқнашувлар, болалар ва оналар фарёди қуршаб олган шу кунларда танлаган касбимиз нечоғлик қийин ва машаққатли эканини фақатгина биз билан бир даврада бўлганлар, бир дастурхондан туз тотганларгина ҳис қилади. Ва фақат кеча, бугун эмас, 8 йилдирки, шу қозонда қовуриламиз.
Актёрмиз, ролларимиз кўп. Муаммосини айтиб келган одамнинг дардкашига, шифохонада жон берган боланинг ота-онасига, адолатсизлик қурбони бўлган эркакнинг кўз ёшларига, зўрланган қизалоқларнинг ноласига айланамиз. Ҳар бирининг ўрнига ўзимизни қўйиб кўрамиз.
Йиғлаймиз, куламиз, эзиламиз, босимларга учраймиз, туртиламиз… Сиз ўқиб, кўриб олқишлаган мақола ва материаллар ортида қанча-қанча юрак оғриқлари бор.
Тонгимиз сизникидан анча барвақт отади, тунимизнинг тайин вақти йўқ. Оқшом чўкканини сезмаймиз, соатларимиз, ҳатто, сонияларимиз сизникидан фарқли. Ҳар қачонгидан тез, ҳар қачонгидан сифатли, ҳар қачонгидан холис ахборот етказиш учун тиним билмаяпмиз. Таъма ё дийдиё деб қабул қилманг, шунчаки бизни ўқиганингиз, кўрганингиз ва эшитганингизда меҳнатимизни муносиб баҳоланг. Ахир QALAMPIR бизники бўлгани қадар Сизники ҳам.
Сиз билан 8 йилни ортда қолдирдик, бугун 8 ёшни қаршиладик. QALAMPIR.UZ ташкил топганда айтганимиз ва ҳар йил бир ёшга улғайганида эслайдиганимиз бир гап бор: ҳаммаси хаёлдан бошланади. Биз хаёл қилдик, хаёл қилишдан қўрқмадик ва хаёлларимиз ортидан юрдик, юришда давом этяпмиз. Бу йўл узун. QALAMPIR’ингизнинг умри эса бардавом бўлсин!
LiveБарчаси