“Путиннинг таҳдиди бефойда”. НАТО Украинани ерларини озод қилиш учун қўллашдан тўхтамасликка ваъда берди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путиннинг ядровий таҳдидлари НАТОни Украинани ўз ҳудудларини озод қилишда қўллаб-қувватлашдан тўхтата олмайди. Альянс Бош котиби Йенс Столтенберг кеча, 30 сентябрь куни Брюсселдаги матбуот анжуманида шундай фикр билдирди.

“Албатта, Украина ҳозирда Россия кучлари томонидан босиб олинган ҳудудини қайтаришга ҳақли. Биз уларни (украиналикларни – таҳр.) қўллаб-қувватлаётганимизнинг сабаби шудир. Улар ўзларини ҳимоя қилишлари, шу билан бирга ҳудудни озод қилишда давом этишлари учун”, дейди Бош котиб.

Унинг қайд этишича, Россиянинг Украина ҳудудини аннексия қилишга ноқонуний уриниши бу мақсадни ўзгартирмайди.

“Чунки агар биз Россия аннексиясини ва Украинани қўллаб-қувватлашимизга тўсқинлик қилган ядро қуроли пўписа қилишга кўз юмсак, ядровий шантажни қабул қиламиз. Шунда биз Россия каби авторитар давлатлар ядро қуролини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали ўзлари хоҳлаган нарсага – қўшни Украина устидан назорат ўрнатишига рози бўламиз”, деган Столтенберг.

У НАТО Украина ўзини тажовузкордан ҳимоя қилиши учун уни қўллаб-қувватлаш ҳуқуқига эга эканини қайд этган. Шунингдек, у Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг ядровий таҳдиди хавфли ва ўйланмаган ҳаракат эканини таъкидлаган.

“Албатта, НАТО ҳушёр. Биз Россия нима қилаётганини диққат билан кузатиб боряпмиз. Россия тушуниши керакки, ядровий урушда ҳеч қачон ғалаба қозониб бўлмайди, агар у ядро қуролидан фойдаланса, бу Россия учун жиддий оқибатларга олиб келади. Ва бу Россияга жуда аниқ маълум қилинди”, дейди Бош котиб.

У сўзи сўнггида НАТО Украина қўллаётганини ва қўллашда давом этишини, украинлар ўз ҳудудларини озод қилишга ҳақли эканини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрь куни Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

148

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг