Путиннинг севимли “Шаҳризода”си сувга туширилди

Олам

image

Мухолифатчи Алексей Навальний ва унинг шериклари томонидан ўтказилган текширувларда Россия Президенти Владимир Путинга тегишлилиги аниқланган, кейинчалик Италияда ҳибсга олинган “Шаҳризода” яхтаси сувга туширилди. Бу ҳақда “eSysman SuperYachts”да видео эълон қилинди.

Видео тавсифида айтилишича, яхта жойлашган портга учинчи ёки тўртинчи ташрифда кемада ўзгаришлар сезилган ва у таъмирланаётгани тахмин қилинган. 

"Бу ғалати, чунки кема музлатиб қўйилган, шунинг учун назарий жиҳатдан бундай бўлмаслиги керак", дейди яхтани дрон билан суратга олган блогер.

Унинг таъкидлашича, “Шаҳризода” сўнгги 18 ой давомида қуруқликда бўлган.

Шу ўринда айтиш жоизки, 2022 йил май ойи бошида “Шаҳризода”  яхтаси Италиянинг Тоскана вилоятидаги Марина ди Каррара портида ушланган. Италия расмийлари яхта эгасининг Россия расмийлари билан алоқаси борлигини даъво қилган.

Кейинчалик Навальний томонидан ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш фонди тергов бўлими бошлиғи, Аnti-Corruption Foundation раиси Мария Певчих кема видеосини ўзининг X'даги саҳифасига жойлаштирган.


“Агар Италия ҳукумати бирон сабабга кўра “Шаҳризода”нинг тўсатдан ғойиб бўлишига рухсат берса, бу энг катта шармандалик бўлади. Европа Иттифоқининг санкциялар сиёсатига ҳам жиддий зарба ҳисобланади. Шу боис ҳам сиз Путинга "қадрдон" яхтасини қайтариб бера олмайсиз”, дейди Певчих.

Маълумот учун, 140 метрли “Шаҳризода” суперяхтасининг ҳибсга олингани 2022 йилнинг 6 майида маълум бўлган. Италия расмийлари "Шаҳризода"нинг ҳақиқий эгаси ва Россия ҳукуматининг таниқли аъзолари ҳамда бошқа тузилмалар ўртасида муҳим иқтисодий ва ишбилармонлик алоқалари топилганини айтган. 2022 йилнинг март ойида Алексей Навальний жамоаси яхта бўйича текширув ўтказган. Унда кема Россия Президенти Владимир Путинга тегишли экани маълум бўлган. "SuperYachtFan” сайти яхтанинг қиймати 700 миллион долларга баҳоланган.

“The New York Times” ҳам “Шаҳризода” россиялик миллиардерга ёки Путинга тегишли эканини ёзган. Кема капитани, Буюк Британия фуқароси Беннетт Пирс газета билан суҳбатда Путиннинг яхтага алоқадор эканини рад этган.

2023 йил августида эса “ Financial Times” Италия расмийлари “Шаҳризода”нинг эгасига яхтани қайта жиҳозлашга рухсат берганини ёзган. Бироқ кема эгасининг исми ошкор этилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Шаҳризода”си

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг