Путиннинг биргина таклифи билан Европада газ нархи дарҳол пасайди
Олам
−
07 Октябрь 2021
19057Кеча, 6 октябрь куни Европадаги газ фючерслари минг куб метр учун рекорд — 1937 долларга етди. Минтақа газ қимматлашуви Россия Президенти Владимир Путиннинг таклифи сабаб тўхтади.
Гап шундаки, Владимир Путин “Газпром”га Европа бозорига Россия газини етказиб беришни кўпайтириш ҳақида ўйлашни таклиф қилгандан сўнг эса, нархлар кескин тушиб кетди.
Кун давомида газ фючерслари 1200 доллардан пастга тушди. Энг паст нарх 1197,64 доллар бўлди, бу 5 октябрь куни белгиланган нархдан 14 фоиз паст.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 28 сентябрь куни Европада газ нархи тарихий рекорд ўрнатганди ва биринчи марта ҳар минг куб метр учун 1000 доллардан ошди. Ўшандан бери нархлар кўтарилишда давом этмоқда.
Россия Бош вазири ўринбосари Александр Новак Путин билан учрашувда газнинг биржадаги нархи реал вазиятни акс эттирмаслигини, чунки у “спекулятив ёндашувлар”ни ўз ичига олганини маълум қилди. Путин эса “Газпром”ни “бозорда таклифни кўпайтириш ҳақида ўйлашга” ундади.
“Аммо буни эҳтиёткорлик билан бажариш керак. Бизга бундай спекулятив ажиотаж керак эмас. Чунки, биласизки, бу ажиотаж ортида бошқа нохуш ҳодисалар содир бўлади”, деган Россия Президенти газ нархлари рекорд даражада ўсганига муносабат билдириб.
Шунингдек, у “Газпром”нинг Россия газини Украина ҳудуди орқали транзит қилиш бўйича барча шартнома мажбуриятларини бажарилишини таъминлашни топширган.
“Украина орқали транзит орқали ҳозир газга жуда муҳтож бўлган Европага етказиб беришни кўпайтириш мумкин. Фақат “Газпром” “зарар кўриши мумкин. Асосий сабаб Украинанинг газ ташиш тизимининг ёмонлашуви. У ўнлаб йиллар давомида таъмирланмаган ва у ерда ҳар қандай вақтда портлаши мумкин”, деган Путин.
Қўшма Штатлар Москва газ муаммосини сиёсий восита сифатида ишлатиши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган ва уни Украина орқали Европага кўпроқ ёқилғи етказиб беришга ундаган. Путиннинг сўзларидан кейин Европада газ фючерслари нархи 600 доллардан кўпроққа тушган.
Европанинг энг йирик газ компанияларига кўра, қитъанинг энг йирик газ етказиб берувчиси “Газпром” узоқ муддатли шартномаларини бажаради, бироқ Россия энергетик гиганти кўпроқ иш қила олиши баҳс марказида қолмоқда.
Путинга кўра, нархларнинг кўтарилишига узоқ муддатли шартномалар тузишдан воз кечишга ва биржада газ савдосига ўтишга ҳаракат қилган Европа Комиссияси айбдор.
“Маълум бўлишича, бугун бу сиёсатнинг нотўғри эканлиги аниқ бўлди”, деган Россия Президенти.
Таъкидланишича, “Газпром” Европанинг газга бўлган эҳтиёжининг 35 фоизини таъминлайди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 10 сентябрида “Газпром”нинг Европага газ етказиб беришни амалга ошириш бўйича энг йирик лойиҳаси бўлган “Шимолий оқим-2” қувурининг қурилиши расман якунланди. Бир кун олдин Европада газ нархи ўзининг навбатдаги тарихий максимумини янгилаб, ўша пайтдаги рекорд даражага — ҳар минг куб метр учун 700 долларга етди.
“Газпром” бош директори Алексей Миллернинг таъкидлашича, Европада газни ер ости газ омборларига қуйишнинг ортда қолиши ва газга бўлган талабнинг ошиши рекордларни янгилаган ва нарх ўсишда давом этиши мумкин.
Fitch халқаро рейтинг агентлигининг Табиий ресурслар ва товарлар бўйича гуруҳи катта директори Дмитрий Маринченконинг айтишича, бозор иштирокчилари қишда истеъмолчилар ёқилғи тақчиллигига дуч келиши мумкинлигидан қўрқиши оқибатида газ нархи ошмоқда.
ОПЕК экспертларининг фикрича, келгуси 25 йил ичида газга бўлган талаб ўсишда давом этади. Ташкилот прогнозларига кўра, газга бўлган талаб 2020 йилдан 2045 йилгача кунига 21,6 миллион баррелга ошади ва бунинг натижасида 2045 йилда умумий талаб кунига 85,7 миллион баррелга етади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь