“Путиндан ҳам, суддан ҳам қўрқмайман”. Навальний судда нутқ сўзлади

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний “Кремль ва бошқаларнинг рухсатисиз” “сиёсий фаолият” олиб боргани учун таъқиб қилинаётганига ишонч билдирди. Бу ҳақда у жорий йилнинг 15 февраль куни бўлиб ўтган суд мажлисида сўзлаган нутқида таъкидлади. 

“Ўйлайманки, менинг чиқишга ва баъзи сиёсий талабларни айтишга тўлиқ ҳуқуқим бор. Ва мен қўрқмайман — на бу суд, на колония, на Федерал хавфсизлик хизмати, на прокуратура, на кимёвий қурол, на (Президент Владимир) Путин, на бошқалардан. Мен қўрқмайман, чунки мен буларнинг ҳаммасидан қўрқишни камситиш ва фойдасиз деб биламан”, деган у. 

Навальний нутқида сиёсий фаолияти давомида йиғган пуллари ҳақида гапирган. 

“Мен кўп йиллар давомида сиёсий фаолият билан шуғулланаман ва ҳақиқатан ҳам пул йиғаман, менимча, ҳалол йўл билан — одамлардан хайр-эҳсон йиғаман. Хоҳлаганлар менга пул ўтказсин, хоҳламаганлар ўтказмасин. Мен ҳеч қачон давлат пулидан бир тийин ҳам олмаганман ва бундан жуда фахрланаман. Мен ва ҳамкасбларим 2011 йилдан бери шу йўл билан пул йиғиб келамиз. Ўша пайтдан бери уч юз мингга яқин одам бизга ўртача беш юз ёки олти юз рубль миқдорида пул ўтказди. Уч юз минг киши. 2011 йил. Бу вақт ичида, шубҳасиз, баъзи одамларнинг менинг фаолиятимдан кўнгли қолди. Баъзи бир масалада айтганларим ёқмади. Бу бўлиб туради. Бугун бир партияга овоз берамиз, эртага бошқа партияга овоз берамиз. Бугун бизга Навальний, эртага Путин ёқади. Ёки аксинча. Бу бўлиб туради”, деган Навальний.

Навальнийга кўра, у ва унинг ҳамкасблари пулларни фақат коррупцияга қарши фаолиятга сарфлаган. 

“Айбловнинг моҳиятига келсак, бу, албатта, одамларга сизнинг рухсатингизсиз сиёсий фаолият олиб бориши тақиқлангани — Кремль ва бошқаларнинг. Чунки мен аслида нима қилдим? Одамлар турли хил сиёсий қарашларга эга. Бу ажойиб. Балки сиздан кимни қўллаб-қувватлайсиз, деб сўрасам, сиз миллий етакчи Владимир Владимирович Путинни дерсиз. Мен эса йўқ. Ва, эҳтимол, ҳеч ким ҳар хил сиёсатчилар борлиги, турли қарашдаги одамлар борлиги, улар мос равишда турли одамлар, турли партиялар учун овоз беришлари билан баҳслашмайди. Ўйлайманки, мен чиқиб, сиёсий талаблар қўйишга ҳақлиман, бу ерда бўлаётган воқеалар менга ёқмайди, мен бу ерда бўлаётган воқеалардан нафратланаман. Ушбу зонадаги фельдшернинг ставкаси 14 минг рубль, тушундингизми? Барча қўшимчалар билан ойига 21 минг рубль иш ҳақи. Нефть бир баррель учун 93 доллар. Путин ўзи учун 150 миллиард рублга сарой қуради, фельдшер 21 минг олади. Бу ерда инспектор, соғлом эркак 25 минг олади. Бутун Владимир вилояти бу ерда 25 000 рубль учун курашмоқда. 27 минг рубль. Менга бу ёқмади”, дейди мухолифат етакчиси. 

Навальний сўзида давом этиб, судья ва прокурорларга “таклиф” билан чиққан. 

“Келинг, бу ерда суд тажрибасини ўтказайлик. Мен сизга ҳозир айтяпман, ҳурматли суд, ҳурматли прокурорлар, ёзиб қўйинглар. 16 дан 25 дақиқа ўтди, фуқаро Навальний колониядаги фалон манзилда бўлиб, Коррупцияга қарши курашиш жамғармасининг барча ходимларини терговни давом эттиришга, коррупция фактларини эълон қилишни давом эттиришга, Путинни, унинг қариндошларини, унинг иккинчи хотини, учинчи хотинини қаерда эканлигини, ўғирланган пулларни қаерга қўйишганини аниқлашга чақирди. Мен барчани, сиз ёзганингиздек, Россия фуқароларининг чексиз доирасини коррупцияга қарши курашни молиялаштириш учун бизга хайр-эҳсон қилишга, терговларни тарқатишда ёрдам беришга чақираман. Чунки бу менинг сиёсий фаолиятим ва мен мамлакатдаги ҳокимият алмашинуви учун курашаман, мен бу одамларнинг Кремлда ўтиришини истамайман, улар ўнлаб йиллар давомида ўтирибди”, деган Навальний. 

Бу сафарги суд Навальнийга нисбатан “хайрия фондларига тегишли бўлган 4,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни ўз эҳтиёжи учун сарфлаш” айбини қўймоқда. “Фирибгарлик иши” 2020 йил охирида очилган. 

Тергов маълумотларига кўра, Алексей Навальний ва унинг жамоаси сиёсатчи томонидан асос солинган Коррупцияга қарши кураш фонди фаолияти ва Навальний штаб-квартираси тармоғи учун хайрия сифатида йиғилган 356 миллион рублни шахсий мақсадлари учун сарфлаган.

Алексей Навальний иши бўйича навбатдаги суд 21 февраль куни бўлиб ўтади. 

Ҳозирда у мамлакатда тартибсизликларни келтириб чиқаришга уриниш ва халқни оммавий тартибсизликларда қатнашишга ундаганликда айбланиб, 2,5 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган эди. Янги суд жараёни доирасида Навальний 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Навальний

Баҳолаганлар

190

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг