Путин ҳам, Трамп ҳам Украина музокаралари учун Истанбулга бормайдиган бўлди
Олам
−
15 Май 11735 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин Украина бўйича тинчлик музокаралари учун Истанбулга бормайди. Унинг исми Путиннинг ўзи томонидан тасдиқланган ва кеча, 14 май куни кечқурун Кремль сайтида эълон қилинган ушбу музокараларда Россия делегацияси иштирокчилари рўйхатида йўқ.
Шу куни кечқурун “Sky News” телеканали АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам Туркиядаги музокараларга бормаслиги ҳақида хабар берди. Худди шу маълумотни “Reuters” агентлиги Трамп маъмуриятидаги манбага таяниб эълон қилди.
Истанбулдаги музокараларда Россия делегациясига Россия Президенти ёрдамчиси Владимир Мединский бошчилик қилади. Унга бирорта вазир, жумладан, на Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, на Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов киритилмайди. Уларнинг ўрнига Кремль музокараларга Лавровнинг ўринбосари Михаил Галузин, Белоусовнинг ўринбосари Александр Фомин ва Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси бошлиғи Игор Костюковни юборади.
Кремль пресс-релизида, шунингдек, Путин томонидан тасдиқланган “Украина билан музокаралар олиб бориш учун экспертлар” рўйхати келтирилган. Улар орасида Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Бош штаби ахборот департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Александр Зорин, Президентнинг Гуманитар соҳадаги давлат сиёсати бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Елена Подобреевская, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ мамлакатлари иккинчи департаменти директори Алексей Полишчук, шунингдек, Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Бош штаби бошқармаси бошлиғининг халқаро кооператив бўлими бошлиғи Виктор Шевцов бор.
АҚШ томонидан Истанбулда Давлат котиби Марко Рубио, Трампнинг махсус элчилари Стивен Уиткофф ва Кит Келлогг иштирок этиши кутилмоқда.
“Дональд Трампга Форс кўрфази минтақасига сафарида ҳамроҳлик қилган Рубио аллақачон Анталияга етиб борган”, деб хабар берди CNN.
Украина Президенти Владимир Зеленский Владимир Путинни у билан музокаралар учун шахсан келишга чақирди.
“Биз Путин билан бу учрашув бўлиб ўтиши учун ҳамма нарсани қиламиз. Ўт очишни тўхтатиш бўйича қарорни фақат у қабул қилиши мумкин”, деганди Украина раҳбари.
15 майга ўтар кечаси “Reuters” агентлиги исмини ошкор этмаган украиналик мулозимга таяниб, Владимир Зеленский Анқарага “йўлга отланаётгани”ни хабар қилди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь