Путин зилзиладан кейин Туркия ва Сурияга ёрдам таклиф қилди
Олам
−
06 Февраль 2023
8168Россия Президенти Владимир Путин Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған ва Сурия етакчиси Башар Асадга кучли зилзила муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Кремль сайтида маълум қилинди.
Россия Президенти Москва Анқара ва Дамашққа барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини айтиб ўтган.
“Ҳурматли Президент, мамлакатингизда рўй берган кучли зилзила оқибатида кўплаб қурбонлар ва катта вайронагарчиликлар муносабати билан чуқур ҳамдардлигимизни қабул қилинг”, дейилади Путиннинг Туркия Президентига йўлланган таъзия телеграммасида.
Путин Эрдўғанга қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш сўзларини, шунингдек, жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган.
Шунингдек, Путин Сурия раҳбарига ҳам ҳамдардлик билдирган.
“Биз яқинларини йўқотганларнинг қайғу ва дардини баҳам кўрамиз, барча жабрланганлар тезроқ соғайиб кетишига умид қиламиз ва ушбу табиий офат оқибатини бартараф этишда зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрмиз”, дейилади Путиннинг Башар Асадга йўллаган таъзия телеграммасида.
Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг марказий қисмида ва Сурия шимоли-ғарбида содир бўлган 7,9 (дастлабки маълумотларда 7,4) магнитудали кучли зилзила оқибатида қурбон бўлганлар сони 284 нафарга етди.