Путин янги халқаро ташкилот тузишни таклиф қилди
Олам
−
03 Октябрь 2019
7247Россия Федерацияси Форс кўрфазидаги муаммони ҳал қилиш учун халқаро ташкилот тузишни таклиф қиляпти. Владимир Путин “Валдай” клубининг пленар йиғилишида РФ, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари иштирокида ташкилот тузиш таклифини билдирди.
“Россия жорий йилнинг июль ойида Форс кўрфазида жамоавий хавфсизликни таъминлаш бўйича концепцияни тақдим этганди. Минтақадаги кескин вазиятдан келиб чиқсак, ғоя ҳамон долзарб. Биз жамланиб қолган салбий фикр, эътирозларни бир четга суриб, ушбу минтақада хавфсизлик бўйича кўрфаз давлатларидан ташқари, Россия, Хитой АҚШ, ЕИ, Ҳиндистон ва бошқа хоҳловчи мамлакатлар қўшилиши мумкин бўлган ташкилот тузишни таклиф қиляпмиз”, деган Путин.
Россия Президенти халқаро муаммоларни Осиё давлатларининг иштирокисиз ҳал қилиб бўлмаслигини ҳам таъкидлади.
Маълумот учун, бугунги кунда Форс кўрфазида вазият анча кескинлашган. Араб давлатлари, хусусан, Саудия Арабистони ва Эрон муносабатлари доимгиданда ёмонлашган. Саудия миллий нефть компаниясининг объектларига ҳужум уюштирилиши ва АҚШнинг бу ишда Эронни айблаши вазиятни янада таранглаштирди.