Путин ва Лукашенко Ғарб санкцияларининг иқтисодиётга таъсирини муҳокама қилди

Олам

image

Кеча, 5 апрель куни Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Кремлда Россия Президенти Владимир Путин билан учрашди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Лукашенко учрашувда Ғарб томонидан Россия ва Беларусга қарши эълон қилинган санкциялар масаласини кўтарган. У яқинда Путиннинг Тулага қилган сафарини кузатганини таъкидлаб, бу тўғри қарор бўлганини айтган. Лукашенко ишчи синф давлатларни импорт ўрнини босувчи томонга буради, деб хулоса қилган.

Лукашенконинг сўзларига кўра, санкциялар Ғарб кутганидан фарқли ўлароқ, Россия Федерацияси ва Беларусь иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатган. 

“Қишлоқ хўжалигини мисол қилиб келтирганингизда тўғри айтдингиз, ҳамма очликдан, совуқдан ва ҳоказолардан қўрқиб кетганди. Нима бўлди? Бугун Россияда нон қўядиган жой йўқ. Саноатда ҳам худди шундай бўлади”, деб ишонч билдирган Лукашенко.  

Шунингдек, Беларусь раҳбари Путин билан тез-тез учрашиб туриши 28 та Иттифоқ дастурининг амалга оширилиши секинлашишига йўл қўймаслик билан боғлиқ эканини билдирган.

“Биз 28 та Иттифоқ дастурини белгилаб олдик, улар деярли 80 фоизга, асосан, ҳукуматлар томонидан амалга оширилди. Журналистлар эътибор қаратаётган тез-тез учрашувларимиз айнан шу дастурларнинг амалга оширилишида секинлашув кузатилмаслиги билан боғлиқ эди. Агар ҳукуматлар қаердадир қоқилган бўлса, биз [раҳбарлар] дарҳол йиғилиб, қарор қабул қилиб, уларни ҳаракатга келтирдик. Шунинг учун мақсадли келишиб, икки йил давомида бу дастурлар устида қаттиқ ишладик”, деган Лукашенко.  

Маълумот учун, Беларусь ва Россия Иттифоқ давлати доирасида иқтисодиётнинг турли соҳаларида икки мамлакат қонунларини унификация қилиш, бизнес учун шарт-шароитларни тенглаштириш, умумий молиявий ва энергетика бозорларини қуриш, транспортни ривожлантиришга қаратилган 28 та интеграцион тармоқ дастурларини амалга оширмоқда. Бугун, 6 апрель куни Путин ва Лукашенко Москвада Иттифоқ давлати Олий Давлат кенгаши йиғилишини ўтказади. Унда 28 та Иттифоқ дастури бўйича ҳамкорликда иш олиб боришни назарда тутувчи асосий ҳужжат – “2021-2023 йилларда Иттифоқ давлатини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга оширишнинг асосий йўналишлари”нинг ижроси муҳокама қилинади. Шунингдек, келгусида интеграциявий ҳамкорликнинг амалий масалалари бўйича қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Путин Беларусь Лукашенко Иттифоқ давлати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг