Путин ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги хатга имзо чекади – Жон Болтон
Олам
−
10 Октябрь 2022
41603Агар Россия ядро қуролидан фойдаланса, Президент Владимир Путин қонуний нишонга айланади. Бу ҳақда Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон CBS News телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
“Менимча, биз нафақат Путинга, балки Россия раҳбариятига, россияликларга ҳам очиқ айтишимиз керак: агар Путин ядровий қуролдан фойдаланишга рухсат берса, у ўз жонига қасд қилиш тўғрисидаги хатига имзо чекади”, дейди Болтон.
Болтоннинг таъкидлашича, Путин қарор қабул қилиш маркази сифатида нишонлар рўйхатида бор.
“Путин Россия армиясининг қўмондонлик ва назорат маркази бўлиб, қонуний ҳарбий нишон ҳисобланади. У бизнинг мақсадларимиз рўйхатида эканлигини тушуниши керак”, дея қўшимча қилди Оқ уйнинг собиқ маслаҳатчиси.
Қўшма Штатлар Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидига жиддий ёндашади, бироқ тажовузкорни ядровий тўхтатиб туриш бўйича ўз позициясини ўзгартириш зарурлигини кўрмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни АҚШ Президенти Жо Байден кескин баёнот бериб, Путиннинг хатти-ҳаракатлари “Армагеддонни қўзғатиши” мумкинлигини таъкидлади. Россия Федерацияси Президенти армиянинг жанг майдонидаги мағлубиятлари фонида биологик, кимёвий ёки ядровий қуроллардан фойдаланишга мурожаат қилиши мумкин. Аммо ҳозирда Қўшма Штатлар Россиянинг ядро қуролидан фойдаланишга тайёрланаётганидан ҳеч қандай аломат кўрмаяпти.