Путин Украинанинг икки вилояти “мустақиллиги”ни тан олди
Олам
−
30 Сентябрь 2022
13393Россия Украинанинг босиб олинган Запорожье ва Херсон вилоятларининг “мустақиллиги”ни тан олди. Россия Президенти Владимир Путиннинг тегишли фармонлари бугун, 30 сентябрь куни расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.
“Запорожье вилоятининг давлат суверенитети ва мустақиллиги тан олинсин”, дейилади фармонлардан бирида. Яна бир ҳужжатда Путин “Херсон вилоятининг давлат суверенитети ва мустақиллигини тан олиш”га қарор қилди. Фармонлар имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
Ҳужжатларда иддао қилинишича, Россия Федерацияси Президенти ушбу қарорни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларига мувофиқ, БМТ Низомида мустаҳкамланган халқларнинг тенглиги ва ўз тақдирини ўзи белгилаш тамойилини тан олган ва тасдиқлаган ҳолда қабул қилган. ДХР ва ЛХР мустақиллигини Россия жорий йилнинг февраль ойида тан олган ва унинг ортидан уруш бошланганди.
РФ Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, бугун, 30 сентябрь куни Москва вақти билан соат 15:00 да Путин Кремлда тўртта янги ҳудуд – тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикалари, Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россия Федерацияси таркибига кириши ҳақидаги келишувларни имзолайди.
Россия Федерацияси таркибига қўшилиш бўйича бир томонлама референдумлар 23 сентябрь куни бир вақтнинг ўзида тўртта минтақада – ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларида бошланди. Референдум 27 сентябрь куни барча ҳудудларда овоз бериш якунланди.
Россия Федерациясидаги сайлов участкаларидан олинган натижалар
100% протоколларни қайта ишлаш натижалари бўйича ДХРнинг Россияга қўшилиши 98,69% сайловчи томонидан қўллаб-қувватланди.
Протоколларнинг 100% қайта ишланиши натижасида ЛХРнинг Россияга қўшилиши 97,93% сайловчи томонидан қўллаб-қувватланди.
100% протоколларни қайта ишлаш натижалари бўйича Запорожье вилоятининг Россия Федерациясига кириши 97,81% сайловчи томонидан қўллаб-қувватланди.
100% протоколларни қайта ишлаш натижалари бўйича Херсон вилоятининг Россия Федерацияси таркибига кириши 96,75% сайловчи томонидан қўллаб-қувватланди.
LiveБарчаси