Путин Украинанинг 4 вилояти аннексиясини якунлади
Олам
−
05 Октябрь 2022
7590Россия Президенти Владимир Путин Украинанинг Донбасс минтақасида ташкил этилган, тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикалари, шунингдек, Запорожье ва Херсон вилоятларини Россия таркибига қабул қилиш тўғрисидаги шартномаларни ратификация қилиш ҳақидаги тўртта қонунни имзолади.
Россия янги ҳудудларни 2026 йилгача давом этадиган ўтиш даври доирасида интеграция қилишни режалаштиряпти. 2023 йилгача гривналарда тўлаш мумкин бўлади, шундан сўнг бу ҳудудларда фақат Россия рубли муомалада бўлади. Янги ҳудудларнинг Қуролли Кучлари Россия таркибига киритилади ва Россия Федерацияси Конституциясига зид бўлган қонунчилик нормалари, шу жумладан ўлим жазоси қўлланилмайди.
Федерациянинг янги субъектларининг чегаралари, шартномалардан келиб чиққан ҳолда, “улар ташкил этилган ва Россия Федерациясига қабул қилинган кунида мавжуд бўлган” чегаралар билан белгиланади. Янги вилоятлар раҳбарлари сайлангунга қадар, Россия қонунчилигига мувофиқ, уларга Путин томонидан тайинланган вақтинчалик амалдорлар раҳбарлик қилади. Минтақавий парламентларга сайловлар 2023 йил сентябрь ойида ягона овоз бериш кунида ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, 23-27 сентябрь кунлари Запорожье вилоятининг босиб олинган ҳудудида, шунингдек, тан олинмаган ДХР ва ЛХР ҳамда босиб олинган Херсон вилоятида “Россияга қўшилиш бўйича бир томонлама референдумлар” ўтказилди. Запорожье вилоятида протоколларнинг 100 фоизини қайта ишлаш натижаларига кўра, қўшилиш тарафдори 93,11 фоиз, Херсон вилоятида – 87,05 фоиз, ДХРда – 99,23 фоиз, ЛХРда – 98,42 фоиз.
Референдум натижаларини халқаро ташкилотлар, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, НАТО каби тузилмалар тан олмади ва уни ноқонуний деб атади.
30 сентябрь куни эса Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь