Путин Тожикистоннинг 300 млн доллар қарзидан кечди

Олам

image

Россия ва Тожикистон “Сангтуда ГЭС-1” қўшма корхонаси олдидаги электр энергияси етказиб беришдан юзага келган қарзни босқичма-босқич ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги келишувни имзолади. Бу ҳақда Тожикистон парламентининг қуйи палатаси тасдиқлаган баённомага таяниб, “The Moscow Times” хабар берди.

Қайд этилишича, Россиядан бўлган умумий қарз миқдори 300 миллион долларга тенг. Жорий йилнинг апрель ойи охирида Россия Энергетика вазири Сергей Сивилов ва Тожикистон Энергетика вазири Далер Жума томонидан имзоланган ҳужжатга кўра, қарз 2034 йилгача босқичма-босқич бекор қилинади.

Бу амалда Россиянинг Тожикистон аҳолиси учун электр энергетикасини субсидия қилаётганини англатади. Қуввати 670 МВт бўлган “Сангтуда ГЭС-1” мамлакатдаги электр энергиясининг қарийб 12 фоизини ишлаб чиқаради. Станцияда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ягона харидори эса давлатга қарашли “Барки Тожик” холдинги ҳисобланади.

Маълумот учун, Тожикистон Россиядан қарзлар бўйича “совға” олган ягона МДҲ давлати эмас. Жорий йилнинг баҳорида Владимир Путин Беларусга давлат кредитлари бўйича тўловларни 7 йилдан 12 йилгача кечиктиришга розилик берди. Бу қарор Беларусь бюджетининг қарз босимини камайтириш зарурати билан изоҳланди. Ҳукуматлараро келишувга кўра, Беларусь қарзларини 2031-2036 йиллар давомида тўлайди. Рақам бўйича, қайта тузилаётган қарзлар ҳажми 800 миллион долларни ташкил этади.

2023 йилда эса Россия Куба учун қиймати 1,2 миллиард еврога тенг кредит бўйича тўловларни камида беш йилга кечиктирган. Ушбу маблағ иккита электр станция қурилиши учун ажратилган. Бундан ташқари, Москва Кубанинг 32 миллиард долларлик қарзини бутунлай ҳисобдан чиқарган.

Шунингдек, ўтган йили Россия Гвинея-Бисаунинг 26,7 миллион доллар қарзини кечган. Шунингдек, Россия илгарироқ Сомалига 691 миллион доллар қарзни қайтармасликка рухсат берган. Умуман олганда, Россия Африка мамлакатларининг 20 миллиард долларлик қарзини ҳисобдан чиқарган. Бу маблағларнинг катта қисми Совет Иттифоқи давридаги қурол-аслаҳа етказиб бериш билан боғлиқ: Анголанинг 3,5 млрд, Эфиопиянинг 5 млрд, Жазоирнинг 5,7 млрд ва Ливиянинг 4,5 млрд доллар миқдорида қарзидан кечилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Тожикистон Сангтуда ГЭС-1 Сергей Сивилов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг