Путин тинчликни асрашнинг асосий омили нима эканини айтди

Олам

image

Россия Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини (МДҲ) Евроосиёда барқарорликни сақлашнинг ажралмас элементи деб билади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Қозоғистонга ташрифи арафасида “Казахстанская правда” газетасига берган интервьюсида маълум қилди. 

“Биз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини кенг Евроосиё маконида тинчлик ва барқарорликни сақлашнинг ажралмас элементи деб биламиз”, дейди Россия раҳбари.  

2024 йилда Россия МДҲга раислик қилишини эслатиб, Путин, Москванинг асосий устувор йўналишлари қаторида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги алоқаларни, шунингдек, Евроосиё интеграция жараёнларини бирлаштиришни қайд этган. 

Путиннинг сўзларига кўра, Иқтисодий барқарорлик нуқтайи назаридан Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига асосий роль юкланган. 

“Ҳозирги мураккаб геосиёсий шароитда технологик суверенитетни таъминлаш, мустақил молиявий инфратузилмани яратиш, ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталар улушини оширишга эътибор қаратилмоқда”, дейди Россия Президенти. 

Россия Федерацияси Қозоғистон билан биргаликда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) доирасида минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича фаол иш олиб бормоқда.  

“Ушбу ташкилот олдида турган вазифаларни ҳал этиш, хусусан, аъзо давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш самарадорлигини КХШТ Қозоғистонда ички сиёсий барқарорликни сақлашга салмоқли ҳисса қўшган 2022 йил январидаги воқеаларда яққол намоён бўлди”, дейди Путин. 

Унинг билдиришича, келаси йил ташкилотга даврий раислик Қозоғистонга ўтади. 

“Ишончим комилки, қозоғистонлик ҳамкорларнинг ташаббуслари КХШТ салоҳиятини мустаҳкамлайди ва унинг имкониятларини барча аъзо давлатлар манфаатлари йўлида яхшилашга ёрдам беради”, дейди Россия раҳбари. 

Маълумот учун, 1992 йил 15 майда Тошкентда Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома имзоланиши билан КХШТга асос солинган. 2012 йил 28 июнь куни расмий Тошкент Ўзбекистоннинг КХШТга аъзолиги тўхтатилгани тўғрисидаги билдиришнома билан нота юборган, ўша йилнинг 19 декабрида Ўзбекистоннинг КХШТдаги иштироки расман тўхтатилган. Ҳозирда унга Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон аъзо ҳисобланади. КХШТга аъзо бўлган мамлакатлар аҳолиси 193 835 249 киши (2021), тинчликпарвар кучлар эса 3600 кишини (2022) ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг 9 ноябрь куни расмий ташриф билан Қозоғистонга келади.


Мақола муаллифи

Теглар

МДҲ Владимир Путин КХШТ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг