Путин Саудия валиаҳди билан нефть масаласида гаплашиб олди

Олам 12523
image
-

Россия Президенти Владимир Путин ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилиб, Теҳрондаги музокаралар якунларини инобатга олган ҳолда Суриядаги вазият юзасидан фикр алмашди. Бу ҳақда Кремль Матбуот хизмати хабар берди.

“Суриядаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди, Сурия масаласини тартибга солишга кўмаклашиш бўйича Остона жараёни кафиллари бўлган давлат раҳбарларининг жорий йилнинг 19 июль куни Теҳронда бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича фикр алмашилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда нефть бозоридаги вазият муҳокама қилинган.

“Жаҳон нефт бозоридаги мавжуд вазият батафсил кўриб чиқилди. “ОПЕК плюс” доирасида келгусида мувофиқлаштириш муҳимлиги таъкидланди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Кремль маълумотларига кўра, суҳбат чоғида “ушбу форматда иштирок этувчи давлатлар жаҳон энергетика бозорида зарур мувозанат ва барқарорликни сақлаш бўйича ўз мажбуриятларини изчил бажараётгани мамнуният билан қайд этилган”.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден 14-16 июль кунлари Саудия Арабистонига илк расмий ташрифини амалга оширди. Америка етакчиси июнь ойи охирида Саудия Арабистони раҳбариятидан нефть етказиб бериш ҳажмини оширишни сўрамаслигини айтди, бироқ у Форс кўрфазининг барча монархияларидан жаҳон бозорига “қора олтин” етказиб бериш ҳажми ошишига умид қилаётганига аниқлик киритди. Шунга қарамай, Байденнинг Саудия Арабистони вакиллари билан ўтказган музокараларида жаҳон бозорини етарли миқдорда нефть билан таъминлаш мавзуси кўтарилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 290
Рейтинг: 3
t
×