Путин Самарқандга етиб келди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Айни дамда Россия Президенти Владимир Путин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Ўзбекистонга етиб келди.

Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Ташрифнинг биринчи кунида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришга қаратилган икки томонлама ҳужжатни имзолаш кўзда тутилган.

16 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммитида иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, 15-16 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси бўлиб ўтади.

ШҲТ саммитида Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, Эрон, Мўғулистон, Туркия, Озарбайжон ва Туркманистон давлат ҳамда ҳукумат раҳбарлари иштирок этиши режалаштирилган. 

Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов аллақачон Самарқандга етиб келган. 

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эса озар-арман чегарасидаги қуролли тўқнашув сабаб саммитда иштирок этмаслигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин

Баҳолаганлар

771

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг