Путин сафарбарликка оид яна бир фармонни имзолади

Олам 43197
image

Россия Президенти Владимир Путин бугун, 5 октябрь куни фуқароларнинг қўшимча тоифалари учун қисман сафарбарликни кечиктириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда у “Йил ўқитувчиси” танлови финалчилари билан видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Россия давлат раҳбарининг кечиктириш ҳақидаги фармони инновацион илмий-техника марказлари ҳудудларида ҳамда маънавий-маърифий ташкилотларда жойлашган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим дастурлари, резидентура, ординатура стажировкалари бўйича ўқув фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларда ҳамда аспирантура талабаларига нисбатан қўлланилади.

Хусусан, Путиннинг сўзларига кўра, кечикиш таълимнинг кундузги ва сиртқи шаклларида биринчи марта ўқиётган талабалар учун амал қилади.

Унинг таъкидлашича, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги дастлаб Россия фуқароларининг бир қатор тоифаларини қисман сафарбарлик доирасида чақиришнинг ҳожати йўқлигини хабар қилган, аммо тегишли ўзгартиришлар норматив-ҳуқуқий базага ўз вақтида киритилмаган. 

“Шунинг учун Мудофаа вазирлиги ва ҳукумат томонидан киритилган фармон лойиҳасида қатор камчиликлар борлиги аниқланди ва биз бугун ушбу ҳужжатга тегишли тузатишлар киритишимиз керак. Фармонни чиқариш учун топширганман, у аллақачон имзоланган, ўша ерда ҳам шундай тузатишлар киритилган”, дейди Президент.

Унинг қайд этишича, ушбу фармон имзоланган кундан бошлаб кучга киради.

“У 2022 йил 21 сентябрдан, яъни биринчи фармон қабул қилинган пайтдан бошлаб вужудга келган ҳуқуқий муносабатларга тааллуқлидир”, дейди давлат раҳбари. 

Шунингдек, Путин, ушбу ҳужжатнинг чиқарилиши билан қисман сафарбарликка тортиладиган фуқаролар тоифаларини белгилашда юзага келган муаммо ҳал этилишига умид билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россия Федерацияси президенти мамлакатда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади. Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, 300 минг киши, биринчи навбатда, жанговар тажрибага эга ва қўшинлар учун зарур бўлган ҳарбий ихтисослиги бўйича резервга чақирилади.

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 933
Рейтинг: 2.9
t
×