Мутлақ ҳокимият ҳаваси: Россияда сайлов тугаш арафасида

Олам 7098
image

Бугун, 1 июль куни Россия Федерациясининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумроссия овоз бериш жараёнининг сўнгги куни. Президент Путин барча карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда 2151-сайлов участкасига бориб, овоз берди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати маълум қилмоқда. 

РФ Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, 1 июль куни эрталабгача 58 569 355 фуқаро олти кун давомида умумроссия овоз бериш жараёнларида қатнашган. Бу Россия Федерациясида рўйхатга олинган сайловчилар умумий сонининг 55,22 фоизини ташкил этади. Бунда юқори кўрсаткич Чеченистонда қайд этилган – 85,66%.

Шунингдек, Тува Республикасида ҳам овоз берувчиларнинг юқори – 86,32% иштироки қайд этилди.

Таъкидланишича, ҳозирги вақтгача овоз беришда Марказий сайлов комиссиясининг махсус йиғилишларини талаб қиладиган жиддий қоидабузарликлар аниқланмаган. Бу ҳақда Россия Марказий сайлов комиссияси раҳбари Элла Памфилова маълум қилди.

Барча ҳудудларда зарур хавфсизлик талабларига риоя қилинмоқда: кириш жойларида антисептиклар ўрнатилган ва барча фуқароларнинг ҳарорати ўлчанмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Россия Федерацияси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича умумроссия овоз бериш жорий йилнинг 22 апрелига белгиланган эди, аммо мамлакатдаги эпидемиологик вазият мураккаб бўлгани сабабли уни кейинга қолдиришга қарор қилинди. Кейинчалик Президент  Путин овоз бериш 1 июль куни бўлиб ўтишини эълон қилди.

Масофавий овоз беришда икки синов ҳудуди – Москва ва Нижний Новгород вилояти аҳолиси иштирок этиши мумкин. РФ Конституциясига киритилган ўзгартишлар бўйича масофавий электрон овоз бериш 25-30 июнь кунлари бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 15 январь куни Владимир Путин парламентга мурожаатида Конституцияга Президент ва Ҳукуматнинг ваколатлари бўйича ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди. Таъкидлаш керакки, Путин мурожаатидан кейин РФ Ҳукумати тўлиқ таркибда истеъфо берди.

Путин айтган таклифлар бўйича қонун лойиҳаси тайёрланганди. Унда аввало бир одам икки муддатдан ортиқ Россия Президенти лавозимини эгаллашини тақиқлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, Конституцияга пенсияларнинг мажбурий индексация қилиниши киритилади ҳамда иш ҳақининг энг кам миқдори яшаш минимумидан паст бўлмаслиги мустаҳкамланади.

Шунингдек, Россия Президенти ҳозирча қабул қилинмаган қонун бўйича мақоми белгиланадиган давлат кенгашини тузишга масъул бўлади.

Лойиҳада юқори лавозимли амалдорларга бошқа давлат фуқаролигига эга бўлишни тақиқлаш, Бош вазир ва Ҳукумат аъзоларини тасдиқлашни Президентдан Давлат думасига ўтказиш ва федерация кенгашига судьяларни лавозимидан озод қилиш ҳуқуқини бериш кўзда тутилган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 203
Рейтинг: 2.9
t
×