Путин Россиянинг сўниб бораётганини айтган Британия разведкасига жавоб қайтарди

Олам 16746
image

Россия Президенти Владимир Путин кеча, 4 июнь куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми ялпи мажлисида Буюк Британиянинг MI6 Ташқи разведка хизмати раҳбари Ричард Мурнинг Россия ҳақидаги кескин баёнотига жавоб қайтарди

Британия Ташқи разведкаси раҳбари Россияни “сўниб бораётган куч” деб атаганди. Бунга жавобан Президент Путин қуйидагича жавоб қайтарди:

“MI6 раҳбари янги келган. Ўйлайманки, [у] тажриба орттиради ва фикрини ўзгартиради, бу биринчи нарса. Иккинчидан, агар Россия сўниб бораётган куч бўлса, унда нимадан ташвишланиш керак? Шундай экан, ўзингизни хотиржам тутинг, бундан хавотир олманг ва Россия-Британия муносабатларини ёмонлаштирманг”.

Шу билан бирга, Путин пандемия даврида ҳам сақланиб қолган Буюк Британия ва Россия ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига эътибор қаратган. 

“Агар халақит берилмаса, унда барчаси яхши бўлади. Ва, эҳтимол, ўзаро савдо ёрдамида Россия заифлашаётган кучдан фаровон мамлакатга айланар. Россия-Буюк Британия муносабатлари ушбу жараёнга мос келишини хоҳлар эдик”, дея қўшимча қилди Путин.

Аввалроқ, апрель ойи охирида MI6 раҳбари Россия иқтисодий ва демографик нуқтаи назардан объектив равишда сўниб бораётган давлат эканини айтганди.

Владимир Путин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Британия разведкаси раҳбарининг баёнотига жавоб қайтаришдан ташқари яна бир қатор халқаро масалаларга ҳам тўхталиб ўтди. 

Жумладан, у АҚШ Президенти Жо Байден билан Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтадиган илк юзма-юз учрашувда нималар кун тартибига чиқиши ва муҳокама мавзусига айланишини маълум қилди

Бундан ташқари, Путин сўнгги пайтларда жаҳон ҳамжамиятининг “оғзидан тушмаётган” Беларусдаги воқеаларга ҳам муносабат билдирди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 732
Рейтинг: 2.9
t
×