Путин Россияни четлаб Европага нефть сотмоқчи бўлган Тўқаев билан гаплашиб олди
Олам
−
12 Июль 2022
20723Россия Президенти Владимир Путин Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Кремль Матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада мустаҳкамлаш ниятларини тасдиқлаган.
“17 июнь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Россия-Қозоғистон олий даражадаги музокаралари якунлари бўйича эришилган келишувларга мувофиқ икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва энергетика соҳаларида аниқ лойиҳаларни изчил амалга ошириш нияти тасдиқланди”, дейилади хабарда.
Қозоғистон томони берган баёнотга кўра, мулоқот чоғида Тўқаев ва Путин икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолатидан мамнун эканини билдирган.
“Қозоғистон Президенти икки давлат ўртасидаги иқтисодий, транспорт ва логистика алоқаларининг долзарб муаммоларини ҳал этиш бўйича ҳукуматларнинг тезкор ҳамкорлигига ижобий баҳо берди”, дейилади Оқўрда хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Тўқаев Россияни четлаб ўтиб, Каспий денгиздан Европага ўтадиган нефть транзити ташкил этишга кўрсатма берганди.
LiveБарчаси