Путин россиялик амалдорларни маҳаллий автомобилда юришга чақирди
Олам
−
03 Август 2023
8388Россия Президенти Владимир Путин мамлакатнинг барча амалдорлари маҳаллий автомобилларни ҳайдаши кераклигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 3 август куни ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари билан учрашувда сўз очди.
Унинг айтишича, вазирлик ва идоралар хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларни харид қилишни давом эттириб, унга бўлган эътиборни оширмоқда. Путин эса буни мутлақо истисно қилиш кераклигини айтган.
“Мамлакатнинг барча амалдорлари маҳаллий автомобилларда юриши керак”, деган Путин.
Унинг фикрича, бу камтарроқ бўлади, бироқ бунинг ҳеч қандай қўрқинчли жойи йўқ.
“Аксинча, бу жуда яхши. Бизнинг ажойиб бюрократиямиз маҳаллий брендлар, маҳаллий автомобиллар ва бошқа маҳаллий маҳсулотларни ривожлантириш учун ҳаракат қилишимиз кераклигини тушуниши керак. Ҳаёт сифатини яхшилаш эса биринчи навбатда шунга қаратилган бўлиши лозим”, дея қўшимча қилган Путин.
Унинг таъкидлашича, импортдан умуман воз кечиш шарт эмас, лекин асосий эътибор маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга қаратилиши керак.
Айтиш жоизки, шу йилнинг июль ойи бошида Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин ҳам давлат органлари ва бюджет муассасалари учун давлат харидларида маҳаллий автомобиль саноатига эътибор қаратишга чақирган. Депутат Султон Ҳамзаев ҳам амалдорларни Россия автомобилларига ўтказиш ғоясини илгари сурган. Унинг сўзларига кўра, бу, биринчи навбатда, сенаторлар ва Давлат Думаси депутатларига тегишли бўлиши керак.
Ўз навбатида, Молия вазири Антон Силуанов унинг идораси давлат эҳтиёжлари учун маҳаллий автомобилларни харид қилишда биринчи бўлиб иштирок этишга тайёрлигини айтган.
Маълумот учун, Россиянинг Украинага бостириб кириши фонида бир қанча хорижий компаниялар мамлакат автомобиль бозорини тарк этди. Шунингдек, санкциялар туфайли Россиянинг импорт автомобилларга бўлган талаби кескин ортди. Жорий йилнинг олти ойи давомида Россияга 227,2 минг дона енгил машина импорт қилинган бўлиб, унинг асосий қисми – 75,7 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келган. Қозоғистон (9,6 фоиз) ва Қирғизистон (5,8 фоиз) ҳам Россияга сотилган автомобилларнинг катта қисмини етказиб берган. Бундан ташқари, ишлатилган автомобиллар импортининг асосий улуши Япония (55,6 фоиз), Арманистон (12,9 фоиз) ва Беларусь (11,4 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.