Путин Россия ижтимоий ҳаётидаги муаммолар ва уларнинг олдини олиш ҳақида гапирди

Олам 3405
image

Бугун, 23 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Федерация Кенгаши аъзоларига мурожаат қилди. Бу давлат раҳбарининг Конституцияга тузатишлар киритилганидан кейин парламентнинг юқори палатаси билан бўлган биринчи учрашуви ҳисобланади. Президент ўз нутқи давомида кам даромадли россияликларга ёрдам бериш, пенсияларни индексация қилиш, ишсизлик даражаси ва бошқа кўплаб муаммоларга тўхталди. 

Президент кам таъминланган россияликларнинг қийин ҳаёт шароитларини енгишда ёрдам беришга чақирди. Путиннинг сўзларига кўра, камбағалликни қисқартириш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бу муаммо жамият учун энг оғриқли муаммолардан бири бўлган ва шундайлигича қолмоқда.

Президент ушбу соҳадаги чора-тадбирлардан бири кам таъминланган оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш бўлиб қолаётганини таъкидлади. Путин, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги йиғилишида ижтимоий шартномалардан фойдаланиш тажрибасини муҳокама қилишни режалаштирмоқда. У ижтимоий шартнома камбағалликка қарши курашнинг асосий воситаларидан бирига айланиши кераклигини ва 2021 йилдан бошлаб, бутун мамлакат бўйлаб жорий этилишини таъкидлади.

Путин Россияда ишсизлик даражаси 6 фоиздан ошганини айтди. У белгиланган энг кам иш ҳақидан паст бўлган иш ҳақи Россия Конституциясини бузиш эканлиги ҳақида ҳам гапирди.

Пенсиялар масаласига тўхталаркан, 2021 йилда улар 6,3 фоизга индексация қилинишини айтди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, "бу инфляция прогноз қилинган кўрсаткичдан бир ярим баравар кўп".

Путин давлатнинг барча ижтимоий мажбуриятлари, шу жумладан, оилаларни қўллаб-қувватлаш дастурлари тўлиқ молиялаштирилишига ваъда берди. Бунинг учун ресурслар етарли эканлигини таъкидлади.

Путин синф раҳбарлиги учун ўқитувчиларга қўшимча тўловларни тўлашдаги узилишларни истисно қилишни талаб қилди. Шунингдек, у таълим масалалари ҳақида гапирар экан, 2021 йилда университетларда бюджет жойлар сони 33 мингга кўпайишини айтди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 87
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×