Путин Пезешкиёнга ҳам Трамп билан учрашуви ҳақида гапириб берди
Олам
−
25 Август 2367 2 дақиқа
Бугун, 25 август куни Россия Президенти Владимир Путин Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали суҳбатда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан Аляскада бўлиб ўтган учрашувнинг асосий натижалари ҳақида гапириб берди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
“Масъуд Пезешкиён Украина инқирозини тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Президентлар икки томонлама ҳамкорлик масалаларини, шунингдек, Эрон ядро дастури билан боғлиқ муаммолар ва Жанубий Кавказдаги воқеаларни муҳокама қилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 15 август куни АҚШнинг Аляска штатида Трамп ва Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув Тошкент вақти билан 16 август куни соат 04:25 да якунланди. Аляскада бўлиб ўтган музокаралар якунида Трамп ва Путин биргаликдаги брифинг ўтказди.
Брифингдан олдин Путин ва Трамп “учга-уч” форматида тахминан 2 соат 45 дақиқа давом этган музокаралар ўтказди. Трамп кўплаб масалалар бўйича келишувга эришилганини таъкидлади, бироқ Украина масаласида ҳали битим йўқлигини қайд этди. Путин эса музокараларни фойдали деб атаб, Россия Украинага хавфсизлик бўйича ишлашга тайёрлигини билдирди. Давлат раҳбарлари журналистларнинг саволларига жавоб бермади.
Эслатиб ўтамиз, бунгача Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва 18 август куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳамда Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров, Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафоса, Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған билан билан телефон орқали мулоқот қилиб, Аляскадаги Россия-Америка саммити натижалари ҳақида ахборот берганди.
Live
Барчаси