Путин Пекинда Россиянинг Озарбайжон билан муносабатларига тўхталди (видео)

Олам

image
Путин ва Си Цзиньпин янги дунё тартибини илгари сурди north_east

Путин ва Си Цзиньпин янги дунё тартибини илгари сурди

Россия Президенти Владимир Путин Хитойнинг Пекин шаҳрида ушбу давлатга ташрифи якунлари бўйича ўтказган матбуот анжумани чоғида Москванинг Озарбайжон билан муносабатлари хусусида сўз очди.

Президент анжуман давомида журналистнинг Россия ва Озарбайжон муносабатларига оид саволига жавоб берди. Путиннинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги муносабатлар тубдан ўзгармаган. Президентнинг ишонтиришича, муаммолар мавжуд бўлса-да, ҳаммаси “ўз жойига тушади”. У Хитойга ташрифи чоғида озарбайжонлик мавқедоши Илҳом Алиев билан йўллари кесишганини ва у билан бир неча сўз алмашганини таъкидлади.

“Мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда ҳар доим мавжуд сиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда қандайдир саволлар туғилади. Муаммолар бор. Бугун биз Президент Алиев билан саломлашдик, мен ҳам у ва унинг рафиқаси билан саломлашдим, бир-икки оғиз сўз алмашдик. Ўйлайманки, Озарбайжон ва Россия ўртасидаги фундаментал муносабатлар, уларнинг ривожланишидан ўзаро манфаатдорлик пировардида ҳамма нарсада ўз ўрнига қайтади”, деди Владимир Путин.

Алиев яқинда “Al-Arabiya” телеканалига берган интервьюсида Россия билан муносабатларнинг ёмонлашувига алоҳида тўхталганди. У Озарбайжон Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви учун масъул эмаслиги ва ҳеч қачон тажовуз ёки ҳурматсизлик белгиларига чидамаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Иккинчи Қорабоғ урушининг охирги кунида – 2020 йил 9 ноябрда Озарбайжон тасодифан чегарага яқин ҳудудда бўлиши керак бўлмаган Россия вертолётини уриб туширган.

Озарбайжонлик ака-ука Сафаровларнинг июнь ойи охирида Екатеринбургда 2000 йилларда содир этилган жиноятларда гумон қилиниб, ҳибсга олиниши пайтида ўлдирилишини Алиев совуққонлик сабабларидан бири, деб атади. Алиев воқеага илк бор изоҳ берди ва буни озарбайжонликларга нисбатан “мисли кўрилмаган ҳаракат” деб баҳолади.

Хитойга биринчилар қаторида ташриф буюрган хорижий давлат раҳбарларидан бири Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бўлди.

Пекиндаги байрамларда, шунингдек, Камбоджа, Вьетнам, Лаос, Индонезия, Малайзия, Мўғулистон, Покистон, Непал, Мальдив ороллари, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Беларусь, Озарбайжон, Арманистон, Эрон, Конго Республикаси, Зимбабве, Сербия, Словакия, Куба ва Мьянма давлат ҳамда ҳукумат раҳбарлари иштирок этди.

Маълумот учун, Хитой халқининг япон агрессиясига қарши қаршилик кўрсатиш уруши, иккинчи Хитой-япон уруши деб ҳам аталади, 1931 йилда Япониянинг Манчурияга бостириб кириши билан бошланди ва 1937 йилда кенг кўламли урушга айланиб, 1945 йилда Япониянинг таслим бўлиши ва Иккинчи жаҳон урушининг тугаши билан якунланди. Хитой фашизм устидан ғалаба қозонишда, Япония қўшинларини узоқ йиллар давомида ушлаб туришда ва халқаро антифашистик фронтни шакллантиришда муҳим роль ўйнагани айтилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг