Путин озар-арман чегарасидаги вазиятдан хавотир билдирди

Олам

image

Бугун, 16 сентябрь куни Самарқандда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда томонлар икки томонлама муносабатларнинг ҳолати, уларни ривожлантириш истиқболлари ва Арманистон билан чегарадаги вазиятни муҳокама қилдилар. Путин чегардаги вазият ҳамон кескинлигича қолаётганидан хавотир билдирган.  

Россия раҳбари Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги вазиятнинг кескинлашувига тўхталиб, шундай дейди.  

“Биз сиз билан бу ҳақда гаплашдик. Кеча мен Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан гаплашдим, сиз бу ҳақда биласиз, сизга бу ҳақда хабар берган эдим. Ниҳоят, келишилган саъй-ҳаракатлар натижасида кескинлашув тўхтатилгани яхши, лекин мен тушунганимдек, вазият ҳали ҳам кескинлигича қолмоқда”, дейди Путин. 

Президент Алиев Путинга Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги вазиятни барқарорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирган. 

Алиев Баку Россия, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида имзоланган уч томонлама ҳужжатларга содиқ эканини таъкидлаган.

“Арманистон-Озарбайжон чегараси зонасидаги кескинлашувга зудлик билан жавоб берганингиз учун сизга ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Тўқнашувлар 8 соатдан кам давом этди ва уларнинг тўхтагани – гарчи арман томони ўт очишни тўхтатишни дарҳол амалга оширишни бошламаган бўлса-да, лекин, умуман олганда, сулҳ тахминан икки кундан бери кузатилмоқда. Чегара тўқнашувлари содир бўлиб туради. Лекин асосийси, биз вазиятни барқарорлаштиришга,  тинч шароитга ўтказишга муваффақ бўлдик”, деган Алиев.  

Алиев минтақадаги вазиятдан бохабарлиги, унга ойдин маълумотларга кўра, икки кундан буён вазият барқарорлигини айтган Унинг қайд этишича, олдиндаги асосий вазифа – муносабатларни нормаллаштиришнинг бошланғич жараёнини йўқ қилиш эмас, балки шу йўналишда ҳаракат қилишдир. 

“Биз Россиянинг бунга қаратилган саъй-ҳаракатларини, жумладан, Россия, Озарбайжон, Арманистон Бош вазирларининг транспорт коммуникациялари бўйича ўринбосарлари даражасидаги уч томонлама комиссия доирасида делимитация жараёни доирасидаги саъй-ҳаракатларини, шунингдек, тинчлик шартномаси бўйича музокараларни бошлаш режаларини олқишлаймиз”, деган Алиев. 

Алиев сўзи сўнгида, Озарбайжон Иккинчи Қорабоғ урушидан кейин Россия, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида имзоланган уч томонлама ҳужжатларга содиқлиги ва Кавказдаги вазият барқарор бўлиши учун ҳамма нарсани қилишга тайёр эканини таъкидлаган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг "провокациялари"га жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди, бироқ Арманистон ўқ узиш давом этаётганига ишора қилмоқда. 

Тўқнашувларда аввалига Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди. 

Арманистон Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказди, унда Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартнома, шунингдек, КХШТ ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши қоидаларидан фойдаланиш учун Россиядан ёрдам сўрашга қарор қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Илҳом Алиев Озарбайжон-Арманистон

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг