Путин ниятига етди. Туркия газ учун тўловни қисман рублда амалга оширади
Олам
−
05 Август 2022
11596Россия Президенти Владимир Путин ва Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Сочида бугун, 5 август куни бўлиб ўтган музокаралари якунланди. Улар тўрт соатдан кўпроқ суҳбатлашган. Бу ҳақда ТАСС Кремль расмийси Дмитрий Песковга таяниб, маълум қилди.
“Икки давлат етакчисининг учрашуви соат Москва вақти билан 15:21 да бошланди ва тўрт соатдан сал кўпроқ давом этди. Кун тартибига кенг кўламли мавзулар қўйилди: Россия ва Туркия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликдан тортиб, минтақавий муаммолар — Украина инқирози, Тоғли Қорабоғдаги вазият, Суриядаги ҳолат муҳокамасигача”, дейилади хабарда.
Музокаралар бошланишидан аввал Путин ва Эрдўған журналистлар олдида саломлашган. Учрашув якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказилмаган, бу икки Президентнинг иш жадвали билан боғлиқ. Бироқ, Россия-Туркия ҳукуматлараро комиссияси ҳамраиси бўлган Бош вазир ўринбосари Александр Новак музокаралар натижалари ҳақида маълумот берди.
Александр Новакка кўра, Путин ва Эрдўған Россия-Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни барча соҳаларда янги босқичга олиб чиқишга, хусусан, газ учун тўловлар қисман рублда амалга оширилишига келишиб олган.
"Муҳим таркибий қисм – Туркия Республикасига газ етказиб бериш масаласи муҳокама қилинди, у ҳар йили 26 миллиард куб метр ҳажмда етказиб берилади. Музокаралар давомида Президентлар газ етказиб бериш учун тўловларни қисман рублда амалга оширишга келишиб олди”, дейди у.
Шунингдек, учрашув якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотида айтилишича, Путин ва Эрдўған Суриянинг сиёсий бирлиги ҳамда ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишни муҳим деб ҳисоблайди.
“Кўтарилган масалалар орасида Суриядаги сўнгги воқеалар ҳам бор. Томонлар сиёсий жараённи олға силжишга катта аҳамият беришларини тасдиқлади. Суриянинг сиёсий бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш муҳимлиги таъкидланди”, дейилади ҳужжатда.
Шу билан бирга, икки давлат лидерлари “барча террор ташкилотларига қарши курашда биргаликда ва бир-бири билан яқин мувофиқлашган ҳолда ҳаракат қилиш қатъийлигини” тасдиқлаган.
Маълумот учун, Россия, Туркия ва Эрон Сурия можаросини тинч йўл билан ҳал этишнинг кафиллари сифатида ҳаракат қилмоқда. Улар Сурияда “Остона жараёни” деб номланган сиёсий келишув формати ташаббуси билан чиққан (музокаралар 2017 йилнинг январида Қозоғистон пойтахтида бошланган).
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь