Путин нега Шойгуни лавозимидан четлатди?

Олам

image

Россия Мудофаа вазирлигидаги ўзгаришлар ва Сергей Шойгунинг Андрей Белоусов билан алмаштирилиши Россия Президенти Владимир Путиннинг Украинадаги узоқ давом этган урушни қўллаб-қувватлаш ва келажакда НАТО билан қарама-қаршиликка тайёргарлик кўриш учун Россия иқтисодиёти ва мудофаа саноати базасини сафарбар қилиш йўлида қадам ташлаётганидан далолат беради. Бу ҳақда Америка урушни ўрганиш институти (ISW) ўз мақоласида ёзди.

“Белоусовнинг Мудофаа вазири этиб тайинланиши узоқ давом этган можаро учун барча иқтисодий шароитларни яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлардаги муҳим воқеа”, дейди экспертлар.

Мақолада қайд этилишича, Белоусовнинг ҳарбий тажрибаси йўқ, аммо Шойгу ҳам бошида армияда хизмат қилиш тажрибасига эга эмас эди.

Мутахассисларнинг қўшимча қилишича, Белоусовнинг Россия федерал ҳукуматида қарийб ўн йиллик Иқтисодиёт вазири лавозимида ишлагани ва яқинда мудофаа саноати ҳамда учувчисиз самолётлар соҳасидаги турли маҳаллий инновацион лойиҳаларни бошқаришда иштирок этгани уни Россия Мудофаа вазирлиги аппаратини бошқаришга яхши тайёрлаган.

ISW'нинг таъкидлашича, Сергей Шойгу бошчилигидаги Россия Мудофаа вазирлиги юқори даражадаги коррупция ва бюрократик инерция айбловлари билан курашган, шу билан бирга россиялик ҳарбий кузатувчиларнинг доимий танқидларига дуч келган.

“Белоусов самарали технократ сифатида кучли обрўга эга ва инсайдер манбалар унинг Путин билан ҳам ижобий муносабатда эканини айтишади”, дейилади мақолада.

Қайд этилишича, Путин Белоусов тажрибасидан ҳарбий ва иқтисодий сиёсатни уйғунлаштириш учун фойдаланмоқчи.

Америка урушни ўрганиш институтига кўра, Путин аввалроқ ўзининг муваффақиятсиз генералларини четга суриб қўйган, уларни тўғридан-тўғри қўмондонликдан ташқари хавфсизлик ва мудофаа постларига қайта тайинлаган, баъзан эса “айбларидан қутулиб, Путин хизматига қайтишга” имкон берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сергей Шойгу Андрей Белоусов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг