Путин Лукашенко билан НАТОга қарши ягона мудофаа маконини қурмоқчи

Олам

image
Лукашенко “катта оға”си билан келишиб олгани Москвага келди north_east

Лукашенко “катта оға”си билан келишиб олгани Москвага келди

Москва ва Минск Ғарб агрессиясига қарши биргаликда жавоб қайтариб, ҳарбий кучларини бирлаштиради. Бу ҳақда бугун, 18 февраль куни Кремлда бўлиб ўтган Путин ва Лукашенко ўртасидаги мeзокаралар мобайнида сўз борган.

Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги расмий учрашув якунига етганидан сўнг, Президентлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилган. Анжуман давомида Путин НАТО ва Ғарб агрессиясига қарши Россия ҳамда Беларусь мудофаасининг биргаликда кучайтирилиши ҳақида маълум қилган.

“Бугунги музокараларда, албатта, Россия ва Беларуснинг умумий мудофаа маконини мустаҳкамлаш мавзуси атрофлича муҳокама қилинди. Биз иттифоқчимизнинг ташқи чегараларида НАТО давлатларининг ҳарбий фаоллиги ошиб бораётгани муносабати билан икки давлат хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни биргаликда кўришни давом эттиришга келишиб олдик”, деган Россия Президенти. 

Бундан аввал, Беларуснинг Украина билан чегарадош ҳудудлари бўйлаб қўшин жойлаштирган Россия Мудофаа вазирлиги, жорий йил 10 дан 20 февралга қадар Беларусь ҳудудида ҳарбий машғулотлар ўтказиши ҳақида маълум қилган эди. Анжуман давомида Путин Ғарбнинг Беларусь ҳудудига жойлаштирилган рус ҳарбийлари Украинага ҳужум қилиш учун тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги хавотирли баёнотларга жавоб қайтарган.

Путинга кўра, Беларусь ҳудуди бўйлаб жойлаштирилган ҳарбийлар ва 10 кун давом этадиган ҳарбий машғулотлар қўшни Украинага ҳужум қилишга эмас, балки Россия ва Беларусь мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган. 

“Россия-Беларусь чегаралари бўйлаб таҳдидлар кучайиши ортидан, биз асосий қисми 20 февралгача Беларусь ҳудудида бўлиб ўтадиган “Иттифоқчилар келишуви – 2022” ҳарбий машғулотларига жиддий эътибор қаратдик. Шуни айтишим керакки, бу машғулотлар фақат мудофаа характерига эга ва ҳеч кимнинг хавфсизлигига таҳдид туғдирмайди. Александр Григорьевич таъкидлаганидек, ушбу машғулотларнинг ўтказилиши режалаштирилгани ҳақида икки давлат мудофаа вазирлиги олдиндан хабар бериб келаётган эди. Машғулотларни кузатиб бораётган хорижий давлат мудофаа тизими вакиллари каби Беларусь раҳбарининг ўзи ҳам у ерда бўлди ва ҳарбий манёврларга гувоҳ бўлди”, деган Президент Путин. 


 
Эслатиб ўтамиз, январь ойи ўрталаридан бошлаб Кремль Беларусга “Иттифоқчилар келишуви – 2022” доирасида ўз ҳарбийлари ва оғир артиллерияларни юбора бошлаган. Ҳозирга қадар қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказиш учун Беларусь ҳудудига Россиянинг 30 000 дан ортиқ аскарлари киритилгани айтилмоқда.

Шунингдек, Беларусь ҳудудига С-400 ер-ҳаво ракета тизимларининг иккита батальони ва 12 та “Сухой Су-35” қирувчи самолётлари мамлакат ҳудудига жойлаштирилган.

НАТО ушбу ҳаракатларни Совуқ уруш давридан буён Беларусь ҳудудига киритилган энг катта қўшин дея баҳоламоқда. Билдирилишича, ҳозирда Россия ихтиёрига ўтган Қрим, Беларусь ва Украина билан чегарадош бошқа ҳудудларда 100 000 лаб рус қўшинлари жойлаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

200

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг