Лукашенко “катта оға”си билан келишиб олгани Москвага келди
Олам
−
18 Февраль 2022
7455Бугун, 18 февраль куни Кремлнинг яқин иттифоқчиларидан бири Беларусь Республикаси фуқароси Александр Лукашенко Россияга расмий ташриф билан келди. Учрашув мобайнида икки мамлакат раҳбарлари ўз фантазияси – Ғарб агрессиясига қарши бирлашган ҳолда чора кўришга келишиб олган.
Билдирилишича, Путин ва Лукашенко минтақадаги Украина билан боғлиқ зиддиятли вазият фонида ўзаро ҳамкрликни янада кучайтириш имкониятларини муҳокама қилган. Асосий учрашув якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Лукашенко Путин билан хавфсизлик масаласида нималарга келишиб олганини маълум қилди.
“Бизнинг Владимир Владимирович билан бугунги учрашувимиз дунёда ҳарбий-сиёсий кескинлик мисли кўрилмаган даражада кучайиши фонида ўтмоқда. Вазиятнинг оғирлигини инобатга олган ҳолда, Президент ва мен айнан шу масалага катта эътибор қаратдик. Ғарбдаги ҳамкорларимизнинг тажовузкор хатти-ҳаракатларига қарши биргаликда жавоб қайтариш имкониятларини муҳокама қилдик”, деган Лукашенко.
Унинг таъкидлашича, баъзи Ғарб раҳбарлари мантиқсиз ва аҳмоқона сиёсат юритмоқда.
“Афсуски, сўнгги ўн йилликлар ичида биринчи марта биз деярли бутун бир қитъани ортга тортиши мумкин бўлган можаро ёқасида қолдик. Бугун биз қўшни давлат раҳбарларининг мантиқан ва оқилона тушунтиришига қарамасдан, бир қатор Ғарб сиёсатчилари “хавфсизликни таъминлаш” баҳонасини рўкач қилган ҳолда, масъулиятсиз ва аҳмоқона хатти-ҳаракатларни амалга ошираётганига гувоҳ бўлмоқдамиз”, дея қўшимча қилган Беларусь Республикаси фуқароси.
Лукашенконинг таъкидлашича, руслар ҳам, беларуслар ҳам уруш бўлишини, қолаверса вазиятнинг кескинлашиши ва ҳатто қандайдир можаролар юзага келишини хоҳламайди.
Эслатиб ўтамиз, январь ойи ўрталаридан бошлаб Кремль Беларусга “Иттифоқчилар келишуви” доирасида ўз ҳарбийлари ва оғир артиллерияларни юбора бошлаган. Ҳозирга қадар қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказиш учун Беларусь ҳудудига Россиянинг 30 000 дан ортиқ аскарлари киритилгани айтилмоқда.
Шунингдек, С-400 ер-ҳаво ракета тизимларининг иккита батальони ва 12 та “Сухой Су-35” қирувчи самолётлари мамлакат ҳудудига жойлаштирилган.
НАТО ушбу ҳаракатларни Совуқ уруш давридан буён Беларусь ҳудудига киритилган энг катта қўшин дея баҳоламоқда. Билдирилишича, ҳозирда Россия ихтиёрига ўтган Қрим, Беларусь ва Украина билан чегарадош бошқа ҳудудларда 100 000 лаб рус қўшинлари жойлаштирилган.
LiveБарчаси