Путин Қодировдан қўрқадими? Сўз Песковга

Олам

image

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров республикада журналистларга таҳдид қилиб, судья Саиди Янгулбоев иши атрофида кескин фикрлар билдираётган бир вақтда Россия Президенти Владимир Путин бунга муносабат билдирмай келаётгани ортидан одамлар орасида турли фикрлар пайдо бўла бошлади.

Ҳолат журналистлар Президентнинг Матбуот котиби Дмитрий Песковга Путин Чеченистон раҳбаридан қўрқадими, деган савол беришигача борди.

Песков бундай савол қўйилишидан ҳайратда қолди ва жавобан Путин нима учун Россия ҳудудларидан бирининг раҳбаридан қўрқиши кераклигини сўраган.

“Нега Путин Россия ҳудудларидан бирининг раҳбаридан қўрқиши керак? Сизнинг саволингизни тушунмаяпман”, деган Песков.

Кремль матбуот котибининг қўшимча қилишича, Чеченистон Россия Федерациясининг субъекти ва у ердаги вазият назоратдан чиқиб кетган деган фикрга қўшилмайди. Президент Ички ишлар вазирлиги раҳбари ёки Бош прокурор билан республикадаги вазиятни муҳокама қилдими, деган саволга жавоб берар экан, Песков Путин мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари билан ҳар куни алоқада эканини таъкидлаган.

Аввалроқ, Чеченистон пойтахти Грознийда Рамзан Қодиров тарафдорлари йирик митинг ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.

Чеченистонда Саиди Янгулбоев атрофидаги можаро тобора авж олмоқда. Саиди Янгулбоев – Чеченистон Олий судининг истеъфодаги судьяси. Бир неча ҳафта олдин унинг рафиқаси Зарема Мусаева ҳибсга олинган эди. 20 январь куни Нижний Новгороддаги квартирасига қуролланган шахслар бостириб кириб, Мусаевани Чеченистонга олиб кетишган. Уни оёқ яланг ва устки кийимсиз уйдан олиб чиқишган. Чеченистон расмийларининг айтишича, Мусаева ҳокимият вакилини ҳақорат қилгани учун маъмурий иш бўйича махсус ҳибсхонада сақланмоқда. Кейинроқ унга нисбатан ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қўллаш бўйича жиноий иш очилгани маълум бўлди. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг айтишича, Мусаева “полиция ходимига ҳужум қилиб, унинг кўзини ўйиб олишига оз қолган”. 2 феврал куни Мусаева икки ойга ҳибсга олинган.

Қодиров Янгулбоевлар оиласини “террорчиларнинг шериклари” деб атаган, уларни ҳибсга олиш ва агар қаршилик кўрсатса, “йўқ қилиш”ни талаб қилган. Саиди Янгулбоев қизи билан Россияни тарк этган. Ўғиллари анчадан бери хорижда яшаб келишади. Улардан бири Иброҳим Янгулбоев ўз оиласининг таъқиб қилинишини Чеченистон мухолифатини бошқаргани билан боғлайди. Январь ойи охирида унга нисбатан терроризмга чақириш айби билан жиноий иш очилган эди. Baza’нинг ёзишича, Тергов қўмитаси Иброҳим Янгулбоевни 1ADAT администраторларидан бири деб билади.

Қодиров журналист Елена Милашина ва ҳуқуқ фаоли Игорь Каляпинни ҳам “террорчилар” ва “террорчиларнинг шериклари” деб атаган. Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Қодиров “шахсий фикрини” билдирганини айтган. “Новая газета” Кремлнинг позициясини қоралаб чиқди. “Эхо Москва” газетаси бош муҳаррири Алексей Венедиктов ва “Дождь” телеканали Россия раҳбариятини Қодировнинг таҳдидларига жавоб беришга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

972

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг