Путин: “Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши Москва учун хавф туғдирмайди, аммо...”
Олам
−
16 Май 2022
18819Россиянинг Финляндия ва Швеция билан ҳеч қандай муаммоси йўқ ва уларнинг НАТОга қўшилиши Москва учун бевосита хавф туғдирмайди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин бугун, 16 май куни Москвада бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида айтиб ўтган.
“Аммо бу ҳудудда (Финляндия ва Швеция) ҳарбий инфратузилманинг кенгайиши, албатта, норозиликка сабаб бўлади. У қанақа бўлиши эса биз учун яратиладиган таҳдидларга боғлиқ”, дейди у.
Путиннинг фикрича, НАТОнинг кенгайиши АҚШ ташқи сиёсати манфаатларида сунъий равишда яратилган муаммо. Унинг сўзларига кўра, альянс ўзининг географик мақсадидан ташқарига чиқишга ва бошқа минтақаларга таъсир ўтказишга уриняпти.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.
“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.
Бундан ташқари, Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси раҳбарияти 15 май куни Альянсга қўшилиш бўйича ўз позициясини эълон қилади. ОАВ хабарларига кўра, мамлакат келаси ҳафта НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беради.
11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.
13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.
15 май куни Финляндия ҳам, Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлишга қарор қилганини билдирди.
LiveБарчаси