Путин даврида Навальний қамоқдан чиқмайди – эксперт

Олам

image

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний Владимир Путин президентлиги даврида озодликка чиқа олмайди. Бу ҳақда иқтисодиёт фанлари доктори, “Постиндустриал жамият тадқиқотлари” маркази директори Владислав Иноземцев “Знак” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди

“Навальний Путин даврида озодликка чиқа олмайди. Шунинг учун россияликлар келгуси норозилик ҳаракатлари учун ҳукумат билан муросага кириша оладиган янги етакчилар топиши керак”, дейди Иноземцев. 

Сиёсий арбобнинг таъкидлашича, ҳозирги мухолифат элитаси жамиятни ларзага келтира олмайди, чунки у “ўз дунёсида” яшаяпти, одамларга аслида нима кераклигини тушунмай, парчаланмоқда.

Иноземцев, шунингдек, Россияда бошланиши кутилаётган “Навальнийга озодлик!” шиори остидаги янги намойишлар ҳақида ҳам ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашган.

“Январь ойидаги митингларга одамлар Навальний чорлагани учун эмас, балки ростдан ҳам Путинга қарши бўлгани ва мамлакатнинг иқтисодий ҳолатидан чарчагани учун чиққанди. 

Ҳозир Алексейнинг командаси ташкиллаштираётган “Навальнийга озодлик!” шиори одамлар орасида кўп иштиёққа сабаб бўлмайди. Улар бизни нафақат Навальний учун, балки озодлик учун ҳам кўчага чиқишга чорлаяпти. Албатта, одамлар Алексей каби сохта айбловлар билан қамоққа тушмаслиги керак, аммо кўчага чиқадиган ҳар бир одамнинг ўз исми бор ва бу Навальний эмас”, дейди Иноземцев.

Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальнийнинг жамоаси янги норозилик намойишларига тайёргарлик кўрмоқда. Бунинг учун мухолифат “Навальнийга озодлик“ номли махсус веб-сайт очган. Ушбу сайтда митингларда қатнашиш истагини билдириб, 500 минг киши рўйхатдан ўтганда намойишлар бошланади. Айни вақтда рўйхатдан ўтганларнинг сони 377 546 кишига етган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

239

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг