Путин давлат ташрифи билан Қозоғистонга келади
Олам
−
26 Август
4938Россия Президенти Владимир Путин Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Оқўрда хабар берди.
Мулоқотда томонлар Россия давлат раҳбарининг Остонага давлат ташрифига тайёргарликни муҳокама қилган. Суҳбат чоғида давлат етакчилари Қозоғистон-Россия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикр алмашган.
Шунингдек, улар савдо-иқтисодий ва энергетика соҳаларида энг юқори даражада эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш зарурлигини қайд этган.
Ўз навбатида, Тўқаев Путинга Татаристон пойтахтида 2024 йилнинг 22-24 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган BRICS саммитига таклифи учун миннатдорлик билдирган.
Путин ноябрь ойида Қозоғистонга давлат ташрифи билан боришни режалаштирмоқда. У июль ойи бошида Тўқаевдан тегишли таклиф олган. Қозоғистон Президенти сафарни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Олий кенгаши мажлиси билан бирлаштиришни таклиф қилган. Путин Тўқаевга таклиф учун миннатдорлик билдирган ва бирлаштириш ғоясини ижобий баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Остонага келгани хабар қилинганди.