Путин эгалланган Украина ерлари Россияга қўшилганини эълон қилишга тайёрланяпти – Британия разведкаси
Олам
−
27 Сентябрь 2022
8597Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг 30 сентябрь куни Украинанинг босиб олинган ҳудудлари Россия Федерацияси таркибига қўшилганини расман эълон қилиши мумкин. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги шундай тахминни илгари сурмоқда.
Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг бугун, 27 сентябрь кун эълон қилинган ҳисоботига кўра, Путиннинг Федерал Мажлиснинг иккала палатасига мурожаати ўша кунга режалаштирилган ва Россия Президенти бундан аннексияни расман эълон қилиш учун фойдаланиши “ҳақиқий имконият” мавжуд.
Украинанинг Россия қўшинлари томонидан босиб олинган ҳудудларида 27 сентябрь куни Россия таркибига қўшилиш бўйича “референдум” деб номланган овоз беришнинг сўнгги куни ўтказиляпти. Луганск, Донецк, Херсон ва Запорожье вилоятлари аҳолиси Москва вақти билан соат 16:00 га қадар ўз ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиш ташаббусига ўз муносабатини билдириш имкониятига эга.
Кузатувчилар бу “референдумлар”ни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши сифатида танқид қилмоқда. Жаҳон ҳамжамияти уларнинг натижаларини тан олмайди, овоз бериш Украина ва халқаро қонунларга зид равишда ўтказилмоқда ва минимал демократик стандартларга жавоб бермайди.
Бир неча кундирки, Россия телевидениеси Украинанинг босиб олинган вилоятлари аҳолисининг РФга қўшилиши кутилаётганидан хурсандлигини намойиш қилмоқда. Шу билан бирга, мустақил матбуот одамлар босим остида ва қурол ёрдамида овоз беришга мажбурланаётганини даъво қилмоқда.
“Референдум” натижалари, эҳтимол, 27 сентябрь куни кечқурун эълон қилинади. Россия Федерациясига қўшилиш ташаббусини маъқуллаш 80-90 фоиз даражасида эълон қилиниши кутилмоқда. Шундан сўнг айирмачи етакчилар Путиндан босиб олинган ҳудудларни Россия таркибига киритишни расман сўрашади. Кремль аллақачон бу петицияларни имкон қадар тезроқ кўриб чиқиш мумкинлигини айтган.
Бир томонлама “референдумлар” бошланишидан олдин ҳам Путин, агар Киев Россия Федерациясига қўшиб олинган Украина ҳудудларини ўққа тутишда давом этса, бу Россия ҳудудига қилинган ҳужум сифатида баҳоланиши ва Москва бунга жавобан ўзидаги барча воситалардан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
Маълумот ўрнида, Россия Украина ерларини аннексия қилишни 2014 йилда бошлаган. Ўшанда Қрим эгаллаб олинганди.
LiveБарчаси