Путин билан учрашган Жапаров Озарбайжонга йўл олди
Олам
−
03 Июль 5433 2 дақиқа
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бугун, 3 июль куни Озарбайжонга икки кунлик расмий давлат ташрифи билан боради. Бу ҳақда Қирғизистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Жапаров Озарбайжонда бўлиб ўтадиган Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг 17-саммитида иштирок этади. Саммит Озарбайжон ҳукумати назорати остидаги Хонкенди шаҳрида бўлиб ўтади.
Саммит давомида иқтисодий ҳамкорлик доирасидаги долзарб масалалар, жумладан, аъзо давлатларнинг иқлим ўзгаришини олдини олиш борасидаги чоралар муҳокама қилинади.
Шунингдек, ташриф доирасида Президент Жапаров иштирокида “Айқол Манас” мактабининг очилиш маросими ҳам ўтказилади. Ушбу мактаб Қирғизистон томонидан қурилган бўлиб, у Озарбайжоннинг Ағдам туманида жойлашган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ҳозирда Озарбайжонда бўлиб турибди. Бугун, 3 июль куни Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев мулоқотни Озарбайжоннинг Қорабоғ туманида давом эттириб, Хонкендидаги қўшма тикувчилик фабрикаси ва Ағдам шаҳридаги “Иморат” тарихий-меъморий мажмуаси билан танишади ва уларга Садир Жапаров ҳам шерик бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 2 июль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Москвада Россия Президенти Владимир Путин билан музокара ўтказганди. Учрашув давомида Владимир Путин қирғиз томонига рус тилига алоҳида мақом берилгани учун миннатдорлик билдириб, бу ҳам гуманитар, ҳам иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидлаганди.
Live
Барчаси