Путин АҚШга душманми ё Европага? Россиянинг ташқи сиёсати қай йўлдан бориши айтилди
Олам
−
31 Март 2023 14062 2 дақиқа
Россия Ғарбга душман эмас ва ўзини ундан ажратиб қўймоқчи эмас. Мамлакат АҚШни ўзи ва дунё хавфсизлиги учун асосий таҳдид деб билади. Бу ҳақда Федерация Президенти Владимир Путин томонидан имзоланган Россия ташқи сиёсатининг янги Концепциясида сўз борган. Президент янги Концепция ҳақида Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари билан учрашувда маълумот берди.
“Бугун мен Россия Федерациясининг янгиланган Ташқи сиёсат Концепциясини маъқуллаш тўғрисидаги фармонни имзоладим”, дейди Путин.
Россия асосий цивилизация, рус дунёсининг таянчи, жаҳон тараққиётининг суверен марказларидан бири сифатида ўзини ўзи белгилади. Шунингдек Концепциясида қуйида бандлар бор:
- Россия ўзини Ғарбнинг душмани деб ҳисобламайди, ўзини ундан ажратиб қўймайди ва душманчилик ниятларига эга эмас. Қарама-қаршилик бефойдалигини англаб етиш ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликка қайтишга ишонади;
- Москва АҚШ курсини ўз хавфсизлиги ва халқаро тинчлик учун хавфларнинг асосий манбаи деб билади;
- асосий устувор режалар АҚШ ва дунёнинг бошқа дўстона бўлмаган давлатлари ҳукмронлиги қолдиқларини йўқ қилишга қаратилади;
- Хитой ва Ҳиндистон билан алоқаларни чуқурлаштириш ва мувофиқлаштириш алоҳида аҳамиятга эга;
- Россиянинг XXI асрдаги флагман лойиҳаси – бу Евроосиёни ягона тинчлик, барқарорлик, ўзаро ишонч, тараққиёт ва фаровонлик маконига айлантириш;
- гуманитар сиёсатнинг устувор йўналишлари русофобия кампаниясига қарши туриш, рус тилини, рус маданиятини, спортини, рус православ черковини ҳимоя қилиш, тарихий ҳақиқат учун курашиш;
- Россия ўзига ва (ёки) иттифоқдошларига қарши қуролли ҳужумни қайтариш ва олдини олиш учун қуролли кучлардан фойдаланиши мумкин.
Россия еткачиси жаҳон майдонидаги жиддий ўзгаришлар туфайли асосий стратегик ҳужжатларга тузатишлар киритиш зарурлигини таъкидлаб ўтган. Унинг сўзларига кўра, янгиланган Концепция давлатнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги амалий ҳаракатларининг асосини ташкил этади.
Россия ташқи сиёсат Концепциясини охирги марта 2016 йилда ўзгартирган эди. 2022 йил январь ойи охирида Ташқи ишлар вазирлиги халқаро майдондаги ўзгаришларни ҳисобга олиши керак бўлган янги ҳужжат лойиҳасини яратди. Шунга қарамай, Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Концепцияни муҳокама қилгач, Владимир Путин уни якунлаш бўйича кўрсатма берди.
Live
Барчаси