Путин АҚШ уни “тахт”дан ағдармоқчи деб ўйлаяпти — Байден

Олам 8905
image
-

Россия билан алоқаларни ривожлантириш учун яхши имкониятлар мавжуд, аммо Москва халқаро меъёрларни ҳурмат қилиши керак. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 16 июнь куни Женевада Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган. 

“Ҳозир қучоқлашиш вақти эмас, лекин “совуқ уруш” вақти ҳам эмас”, деган у. 

Байденга кўра, у Путинга Вашингтон Россия билан қандай принципларда ишлашни ният қилгани тўғрисида аниқ кўрсатиб берган.  

“Россия билан муносабатларни яхшилаш учун истиқболлар мавжуд, аммо барчамиз амал қиладиган умумий асосий қоидалар керак. Ҳеч ким янги “совуқ уруш”ни бошлашдан манфаатдор бўлиши мумкин эмас”, деган Байден ва Путин ҳам буни истамаслигини таъкидлаган. 

Байденга кўра, Путин билан шахсан гаплашиб олиш муҳим бўлган. Америка Президентига кўра, Путин унинг мамлакати “қуршаб олинганидан” қўрқмоқда ва АҚШ Россияни ағдаришга интилаяпти деб ўйламоқда. Байден АҚШнинг йўналиши Россияга қарши эмаслигини таъкидлаган. 

“АҚШ-Россия муносабатлари барқарор бўлиши керак”, деган у. 

Байденнинг таъкидлашича, агар Путин Россия иқтисодиётига Американинг сармояларини киритишни хоҳласа, у ҳибсга олинган АҚШ фуқароларини озод қилиши керак. Байден, шунингдек, АҚШ Америка ва унинг иттифоқчилари манфаатларига путур етказадиган ҳаракатларга жавоб беришини аниқ айтган. 

“Путин менинг чоралар кўришимни билади”, деган Байден. 

Шунингдек, у АҚШ Америка сайловлари ва демократик тизимига аралашилишига тоқат қилмаслигини таъкидлаган. АҚШ кўпинча Россияни айблайдиган киберҳужумлар мавзусида Байден муҳим инфратузилма хакерлар учун дахлсиз бўлиши кераклигини айтган. Унга кўра, Америка кучли кибер салоҳиятга эга ва улар хакерлик ҳужумларига жавоб бера олади. 

Матбуот анжуманида Жо Байден инсон ҳуқуқлари масаласи ҳар доим Россия билан музокара мавзуларидан бири бўлишини таъкидлаган. 

“Қандай қилиб мен Америка Қўшма Штатлари Президенти бўлишим ва инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши гапирмаслигим мумкин?” деган Америка Президенти. 

Байден Путинни “Ив Роше” иши бўйича қамоққа ҳукм қилинган мухолифат раҳбари Алексей Навальний вафот этса, унинг оқибатлари Россия учун “ҳалокатли” бўлишидан огоҳлантирганини маълум қилган. Шунингдек, у Путинга Александр Лукашенко режими мухолифатни қаттиқ бостираётган Беларусдаги вазиятдан АҚШнинг хавотирини ва Американинг Украина суверенитетига содиқлигини маълум қилган. 

Шунингдек, Женевадаги музокараларда АҚШ ва Россия Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслик учун биргаликда ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олган. Байден Афғонистонда терроризмнинг қайта тикланишига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидлаган, Путин ўз навбатида Ҳинду Кушда хавфсизликни таъминлаш учун АҚШга ёрдам таклиф қилган. 

Маълумот ўрнида, кеча, 16 июнь куни Байден Россия Президенти Владимир Путин билан Женевада учрашди. Музокаралар икки қисмдан иборат бўлди: тор ва кенгайтирилган таркибда. Умуман олганда, учрашув тахминан 4,5 соат давом этди. Шундан сўнг, алоҳида матбуот анжуманлари бўлиб ўтди: журналистлар билан биринчи Россия раҳбари, сўнг Америка раҳбари суҳбатлашди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 338
Рейтинг: 3
Теглар
t
×