Путиннинг меҳмони бўлган Лукашенко Москвадан каттагина сумма кредит олди

Олам

image
Лукашенко Путинга қора чамадонда нима олиб борди? north_east

Лукашенко Путинга қора чамадонда нима олиб борди?

Беларусь расмийлари Россиядан 500 миллион АҚШ доллари миқдорида иккинчи кредит ўтказмасини олганлиги тўғрисида хабар берди. Бу ҳақда БелтТА маҳаллий давлат агентлиги Молия вазирлиги маълумотларига асосланиб ёзмоқда

“0,5 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги давлат молиявий ссудасининг иккинчи қисми бугун, 2 июнь куни Беларусь Молия вазирлиги ҳисоб рақамларига ўтказилди”, дейилади хабарда. 

Беларусь “Euroradio” эса ҳеч қандай манбага асосланмасдан кредит Россия рублида ўтказилгани тўғрисида хабар бермоқда. 

Бир неча ой аввал расмий Минск Россиядан июнь ойида ссуда (қарз) олиши ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. 

Ушбу маблағ Сочида Россия ва Беларусь Президентлари Владимир Путин ва Александр Лукашенконинг шахсий учрашувидан сўнг бир ҳафта ўтар-ўтмас келиб тушди. 

Ўша вақт Кремлдан келган хабарларга кўра, Сочидаги музокаралар чоғида давлат раҳбарлари бошқа мавзулар қатори, Минскга навбатдаги кредит ўтказмаси масаласига ҳам тўхталган. 

“Пулни ўтказишга ҳеч қандай тўсиқлар йўқ, барчаси келишиб олинди”, деган эди Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков 30 май куни. 

Маълумот учун, ўтган 2020 йилнинг сентябрь ойида — Беларусда президентлик сайлови натижаларидан норози бўлиб бошланган намойишлар авжига чиққан пайтда Москвадан Минскга 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида ссуда ажратилиши тўғрисидаги шартнома имзоланган. 

Шартномага кўра, ушбу сумма 3 га бўлиниб, 500 миллон АҚШ долларидан ўтказилиши керак. Биринчи транш ўтган 2020 йилнинг декабрь ойида ўтказилди. Иккинчиси мана 2021 йилнинг июнида амалга оширилди.

Эслатиб ўтамиз, Беларусь Президенти 28 май куни Сочига ташриф буюриб, 3 кун Президент Путин ҳузурида бўлди. Бу вақт давомида улар ёпиқ эшиклар ортида бир қатор масалалар юзасида соатлаб суҳбатлашди. ОАВга эълон қилинган маълумотларга кўра, улар ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш ва пандемияга қарши кураш, Россия томонидан яқин кунларда Беларусга 500 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит тақдим қилиниши ҳамда 23 май куни Минскга қўндирилган Грециянинг Афинасидан Литванинг Вильнюс шаҳрига учиб кетаётган “Ryanair” авиакомпаниясининг самолёти хусусида гаплашган.

Лукашенконинг Сочига ташрифи чоғида соатлаб давом этган музокаралардан ташқари икки давлат раҳбари ўртасида норасмий учрашув ҳам бўлиб ўтди. Тафсилотларга келадиган бўлсак, улар 54 метрли “Чайка” яхтасида Қора денгизида саёҳат қилган. Қайд этиш керакки, Лукашенкога кенжа ўғли Николай ҳамроҳлик қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

92

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг