Путин ҳарбий хизматга чақириш ҳақида янги фармонни имзолади

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин россияликларни баҳорги муддатли ҳарбий хизматга чақириш ҳақидаги фармонни имзолади. Тегишли ҳужжат бугун, 31 март куни расмий порталда эълон қилинди.

Фармонга кўра, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ҳарбий хизматга чақирилади. 2023 йил охиригача 27, 28 ёки 29 ёшга тўлган ҳамда резервда бўлган шахслар бу йил муддатли ҳарбий хизматдан озод этилади. Шунингдек, аккредитациядан ўтган IT-компаниялар ходимларига 30 ёшга тўлгунга қадар муддатли ҳарбий хизматни ўташни кечиктириш ҳуқуқи тақдим этилади. 

Ҳужжатда 2024 йил 1 апрелдан 15 июлгача бўлган муддатда 150 минг нафар фуқаро муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши белгиланган. Бу сўнгги 8 йил ичидаги энг кўп муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар сони ҳисобланади. Фармонда келтирилишича, муддатли ҳарбий хизматни ўташ муддати тугаган аскарлар, матрослар, сержантлар ва бригадирлар ҳарбий хизматдан бўшатилади. 

Россия Федерацияси ҳукумати, минтақавий ҳокимият органлари ва чақирув комиссияларига ҳарбий хизматга чақириш доирасида барча зарур тадбирларни амалга оширишни таъминлаш юклатилган. 

Маълумот учун, Россия Қуролли кучлари Бош штабининг ташкилий ва сафарбарлик бош бошқармаси бошлиғи, генерал-полковник Евгений Бурдинский “Красная звезде” нашрига берган интервьюсида баҳорги муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга жалб этилмаслигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, Путин 20 март куни урушга боришга рози бўлган маҳбусларни жазодан озод қилишни назарда тутувчи қонунни имзолаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳарбий хизмат фармон Россия Федерацияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made