Пулини айтолмайман — Жалолиддин Мангуберди сериалининг режиссёри билан эксклюзив интервью
Интервью
−
22 Ноябрь 2019
13058QALAMPIR.UZ Туркияда бўлиб, “Тирилиш. Эртўғрул”, “Қурилиш Усмон” сериалларининг сценарий муаллифи ва продюсери Меҳмет Бўздоғ билан учрашди. У айни вақтда Ўзбекистон тарафининг буюртмаси билан суратга олинаётган Жалолиддин Мангуберди сериалига ҳам бошчилик қилмоқда.
— Бугун бизга вақт ажратганингиз, сериал олинаётган ҳудуд билан таништирганингиз учун раҳмат! “Тирилиш. Эртўғрул” сериалини суратга олиш ғояси қаердан келди?
— Авваламбор йўл босиб Ўзбекистондан бу ерга келганингиздан бахтиёр бўлдик. Бизнинг тасвирга олиш майдонимиз ўзбек қардошларимиз учун доим очиқ.
Бундан 10 йил аввал, университетнинг тарих факультети талабаси бўлган чоғларим Усмонийлар давлати қурилиши мени қизиқтириб қўйди. У вақтлар мақола ёзиб, уни чоп эттирдим. Бу мақола қандай қилиб турклар Онадолуга келдилар, христианлар, мўғуллар, Онадолунинг ўтроқ аҳолиси бор бўла туриб, XIII асрда христианлар, мўғуллар ёки Византия эмас, биз турклар қандай қилиб бу ерларда давлат қура олдик, бу давлат эса олти аср давом этди, бу давлатнинг қурилишида қандай ҳикоя, унинг замирида қандай ижтимоий сабаблар бор, қурилиш даврининг динамикаси нима деган саволларга тўла эди. Тарих факультетини тамомлаганимдан кейин эса кино бизни қизиқтириб қўйди. Сценарийлар ёзишни бошладик. Сценарийларимиз жуда маъқул келди. Усмонийлар давлатининг қурилиши билан боғлиқ келишувлар имзоладик. Сўнг TRT телеканалининг таклифи билан “Тирилиш. Эртўғрул” сценарийсини ёздик. Лойиҳа жуда маъқул келди ва зудлик билан уни амалга оширишимиз кераклигини айтдилар. Биз эса қисқа фурсат ичида сценарийни ёзишни бошладик. Олдимизда фақат сценарийни ёзиш эмас, балки хаёлимиздаги воқеаларни қандай қилиб сценарий холига келтиришдек масала турганди.
Сиз дунёни қуришни хаёл этяпсиз... Аммо бу ўтовлар қандай қурилади, отлар қандай етиштирилади, жанг саҳналарини тасвирга олишда нималарга эътибор беришимиз керак каби саноқсиз саволлар бор эди. Биз “Тирилиш. Эртўғрул”ни бошламагунимизча Туркияда бу каби йирик лойиҳага қўл урилмаган эди. Ҳатто, ўтовларни қуришда жуда қийналдик. Кино ва сериаллар учун ўргатилган отларимиз ҳам йўқ эди. Биз бир тарафдан ҳикояни экранга кўчириб, бир тарафдан бу ишнинг индустриясини қурдик. Барча отларни сотиб олдик, бу отларни тасвир учун етиштиришга алоҳида мураббий ёлладик. 9 ой давомида фақат отлар ўргатилди. Чунки отларнинг бирга югуриши, бирга тўхташи, камерани бегонасирамасликлари жуда муҳим эди. Оммавий саҳналарда хуркмасликлари керак эди. Шунинг учун ҳам улар алоҳида ўргатилди. Энг кичик деталларни кўздан қочирмадик. Ўтовлар, тахта қошиқлар, қиличлар, ўтовнинг ичидаги аксессуарларни янгидан қилдик. Либосларни янгидан тиктирдик. Ўша даврни тасвирлаш учун либосларнинг матоларини топишга ҳаракат қилдик. Янгидан матолар тўқитдик.
9 ойдан кейин актёрларни танлаш ишлари бошланди. Бу менинг илк ишим бўлгани учун кўпчилик ишонмади. Ҳикоянгиз чиройли, ҳамма иш ўз ўрнида, аммо сиз бу ишни қандай эплайсиз, бугунгача бундай ишга қўл урмагансиз, дейишди. Бу жараён узоқ вақт талаб этди. Чунки одамларни, ҳатто, хаёл этмаган лойиҳага таклиф этиш ҳақиқатан ҳам жуда қийин. Бундай қийинчилик бир қанча инсоннинг бошидан кечади, холос. Мен эса ўшанда эндигина 30 ёшда эдим.
— Ҳар инсон хаёл этгани қадар инсондир...
— Тўғри, чиройли фикрлар. Инсон хаёл қилсагина бор. Шукрки, муваффақиятга эришдик. Туркларда остидан кириб, устидан чиқдик, деган гап бор. Одамларни кўндиришни бажардик. “Тирилиш. Эртўғрул” экран юзини кўрганда, дунёда ва ижтимоий тармоқларда биринчи ўринга чиқди. Томоша қилганлар ҳайратда қолди. У вақтлар биринчиликни олдик ва шукрки, буни доим ҳимоя қилиб келдик.
Аслида бу сизу бизнинг ҳикоямиз. Ўзбеклар, қирғизлар, туркманлар – турк дунёсининг ҳикояси. Чунки, ҳаммамизнинг аждодларимиз ўтовларда яшади. Кўчманчи халқлар эдик. Урф-одатлар, машварат ва маслаҳатлашувга асосланган халқлар эдик. Тарих, географик омиллар бизни айирса ҳам ҳаммамиз Ўрта Осиёдан тарқалганмиз. Шунинг учун ҳам бу лойиҳа ҳаммамизники.
— Мактабда, таълим даргоҳида тарихни ўрганамиз. Кўп ҳолларда ўқиганимиз хотирамизда қолмайди. “Тирилиш. Эртўғрул”да бутун дунё Орта Осиё халқлари тарихини янгидан кашф этди. Бунда сериалнинг роли катта бўлди.
— Аслида биз туркларнинг дунёга айтадиган жуда кўп гапи бор. Айниқса, ўзбекларнинг. Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Мирзо Улуғбек, Заҳриддин Муҳаммад Бобур, Бобурийларнинг Ҳиндистондаги буюк давлати, саноқсиз меъморий обидалар, буюк санъат усталари... Бу тарафда ғарбий турклар Венанинг ичигача кириб боргани. Нақ саккиз аср жаҳонни бошқарган миллатлармиз. Буюк олимлар биздан дунёга юз тутди. Тиббиёт илмига ҳисса қўшдик. Бироз вақт мағлубиятни бошдан кечирдик, аммо шукрки яна тириляпмиз. “Тирилиш. Эртўғрул” эса ҳаммамизнинг тарихимизни янгидан жонлантирди ва буни уддалай олишимизни кўрсатди.
Мен бир тарафдан Усмонийлар тарихини, бир тарафдан Амир Темур тарихини ўргандим. Диплом ишимда Темур ҳақида ёздим. Унда Самарқанд, Бухоро, Хива ҳақида айтилган. Мен ҳали “Тирилиш. Эртўғрул”ни бошламасдан олдин Яратган мени у заминнинг тарихи билан таништирди. Улуғбекнинг хазинаси, Бобурнинг тарихини қайта-қайта ўқиб зеҳнимиз ва кўнглимизга жойладик. Амир Темурнинг буюк лидерлиги, Жалолиддин Мангубердининг қаҳрамонлиги, Ҳусайн Бойқаронинг девон суҳбатлари, шоир Алишер Навоийнинг шеърлари... Бир маданиятни юрагимизга заргардек тердик. Доим хаёл қилардим. Макка ва Мадинадан кейин жуда кўргим келган шаҳарларимдан бири Самарқанд эди. Яратганга шукрлар бўлсин, ўтган сафар борганимда кўрдим. Регистон майдони ҳайратланарли. Дунёда уч мадрасанинг бир-бирига қараб турган бошқа майдон йўқ. Бу нима дегани. Бу Самарқанд илм шаҳри дегани. Ҳеч бир шаҳарда бундай хусусият йўқ. Ва уни қурувчилар шу қадар чиройли қурганларки...
— Самарқанд дунёнинг марвариди дейишади.
— Тўғри. Бухоро ва Хива ҳам ҳайратланарли шаҳарлар. Энг катта ютуқ биласизми нимада? Дунёда жуда кўп тарихий асарлар жиддий зарар кўриб, йўқ бўлаётганда, Самарқанд, Бухоро ва Хива қандай бўлса, шундайлигича сақлаб қолинган. Уларни кўп бор реставрация қилишибди. Охирги уч йилда Ўзбекистоннинг дунёга очилиши ортидан инсоният муаззам бир хазинани кашф этишни бошлаяпти. Бу муносабатлар янада мустаҳкамаланади ва ривожланади. Менимча, бутун дунё, айниқса, турклар ва мусулмонлар бу заминни мутлақо зиёрат қилишлари керак. Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Амир Темур мақбаралари ва қанчадан-қанча меъморий обидаларни кўрдим. Кўрганларимдан эса ҳамон ҳайратдаман.
— Бориб кўриш учун сабаблар кўп демак...
— Мутлақо бориш керак. Мутлақо кўриш керак. Бу маконларни кўрганингда тарих билан юзлашасан. Мен ҳайратда қолдим. Самарқандга рафиқам ва тўрт ёшли ўғлимни ҳам олиб бордим. Самарқандда кўрганларимиз уларнинг хотирасида алоҳида ўрин топди.
— Фурсатдан фойдаланиб мен сизга “Тирилиш. Эртўғрул” сериалида Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари Ислом оламининг муқаддас шаҳарлари деб бир неча бор эътироф этилгани учун миннатдорлик билдираман.
— Усмонда ҳам айтамиз. У ерлар менинг қалбимда. Мен Самарқанд ва Бухорони жуда яхши кўраман. Мовароуннаҳр замини бизнинг турк-ислом маданиятининг асоси. Сериалда Имом Мотуридий ҳазратларини қайта-қайта тилга олганмиз.
— Туркларда ҳали ҳам дин, ҳам дунё, ҳам тарихни жамлаган бундай сериал бўлмаган эди.
— Аслида ўз тарихимиздан узоқ миллатмиз. Тарихимизни унуттиришга ҳаракат қилдилар. Бутун турк-ислом дунёсида шундай бўлди. Чунки тарих хотирани уйғотади. Уйғонган хотира эса одамларни ҳаракатга келтиради. “Тирилиш. Эртўғрул” шунга хизмат қилди. Бизнинг бунданда буюк хаёлларимиз бор. Ўғузхон ҳақида фильм олишни истайман. Ўғузхон турк бўйларининг отаси. Энг катта хаёлларимдан бири Ўғузхон эди. Ўрта Осиёда лойиҳа қилиш ниятим бор эди. Ўзбекистондан таклиф тушди. Муҳтарам Президентингизнинг топшириғи билан Маданият вазири ўринбосари Озодбек Назарбеков бизни таклиф қилди. Жалолиддин Мангуберди ва Чингизхоннинг ҳикоясини экранга кўчирамиз. Шунингдек, Мирзо Улуғбек ҳақида фильм суратга олишни истаяпман. Бу менинг энг катта орзуларимдан бири. Бобурнома асосида ҳужжатли фильм суратга олишни ҳам истайман. У дунёда из қолдирган энг буюк лидерлардан бири. Ўзбекларда кўп йиллар Ҳиндистонни бошқарган Бобур ҳақида асарлар бор. Бобур инсон хотирасини қайтадан уйғотади ва унда одамларга мерос бўлиб қолган, айтилиши керак бўлган гаплар бор. Бир лидернинг дунёсига, қалбига, руҳига саёҳат қиламиз. Шунинг учун ҳам мен Ўрта Осиёда жуда кўп лойиҳаларни амалга оширишни истайман. Булардан бири – Имом Мотуридий ҳазратларининг ҳаёти ҳақидаги ҳикоя. Тарихга назар солсак, “Буюк ипак йўлининг” қалби – Ўзбекистон. Ўз вақтида самарқандлик ва бухоролик санъат усталарининг яратган муаззам асарларини бугун биз фильм ўлароқ кўрсатишимиз керак. Кинонинг бугунги вазифаси бу. Бизнинг ғоямиз эса бу лойиҳаларни амалга ошириш.
— Ўз тарихига эга чиқишни ўргатиш учун нима қилиш керак?
— Айни вақтдаги энг катта масалаларимиздан бир шу: ғарб дунёси ҳамма соҳада жаҳонни бошқарди. Энди эса одамлар, ҳатто, улар каби овқатланишга, улар каби кийинишга интиляпти. Улар одамларни ўргатяпти. Европа буни ёмон ниятда қилмаяпти. Биз эса уларга ўхшаш учун кимўзар ўйнаяпмизки, бир муддат ўтгач, ўзлигимиздан узоқлашишга етдик.
Рафиқам билан Ўзбекистондалигимизда бир дизайнернинг ёнига бордик. У ўзбек матоларидан аёллар учун жуда чиройли либослар тиккан. Улар ғарб модасидан анча устун. Айни вақтда ёшлар фақат тарихга эмас, ўз маданиятимиз, таомларимиз, либосларимизга эгалик қилиши керак. Ўзбек дизайнерининг либослари ғарбнинг кўплаб дизайнерлари тиккан либослардан анча чиройли, деб айтдим. Аммо биз киймаяпмиз. Бунда лидерлар, санъаткорларга жуда катта вазифа юкланади. Нега ўз миллийлигимиздан узоқлашишимиз керак? Тарихдан келган бебаҳо мусиқий, илмий меросимиз бор. Буларга эгалик қилиб, тажрибамизда қўллашимиз керак.
Нега Ўзбекистонда хорижий тилларда шаҳарчалар, иншоотлар қурилмоқда? Афсуски, Туркия бу масалада жуда катта изтироблар чекади. Туркияда ҳозир шаҳардаги ҳар иншоот бегона тилларда номланган. Сизнинг ўз санъатингиз, миллийлигингиз, маданиятингиз йўқми, бошқа маданиятларга оид номларни ҳаётингиз бўлагига айлантирдингиз. Римга оид номлар бугун Истанбулдаги савдо мажмуалари пештоқида турибди. Айбга буюрманг, аммо Фотиҳ Римни фатҳ этиш учун Европага юриш қилди. Амир Темурнинг авлодлари жаҳонни фатҳ этиш учун жангга кирди. Темурнинг авлодлари ва Фотиҳнинг насллари боболарининг рақибига ўхшаш учун кимўзар ўйнаса, Темур ва Фотиҳ қабрида тинч ётмайди. Биз атеистлар авлоди эмасмиз. Биз минг йилдир жаҳонни бошқарган маданиятнинг наслимиз. Бошқарув фақат тиғ билан эмас, санъатда, меъморчиликда, ахлоқда, хуллас ҳаётнинг ҳар жабҳасида бўлган.
Ибн Бибидек мақбара борми, қайси шаҳар Регистондек одамларни ҳайратда қолдирган? Бугун эса қарасангиз бир қанча савдо мажмуаларининг номи Римдагидек. Бу яхшилик аломатли эмас. Бизнинг ишимиз фақат тарихимизни кўрсатиш эмас, балки ўз тарихини унутган одамни яна ўзига қайтариш, унга тўхта дейишдир. Шу боис туркчага, ўзбекчага, ўз маданиятимизга эгалик қилишимиз керак. Акс ҳолда ота-боболаримизнинг рухини оёқости қиламиз. Қаҳрамонларингизнинг рухини оёқости қилсангиз бунинг ҳам бир бадали бўлади.
— Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тарихни тиклаш, уни бус-бутун авлодларга етказишда катта ишлар амалга ошириляпти. Мана, Жалолиддин Мангуберди сериали суратга олиняпти. Келинг, шу ҳақда гаплашсак.
— Аввало шуни айтиб ўтишим керакки, Муҳтарам Президентингиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатда жуда катта ислоҳотлар амалга оширилибди. Ва бу ислоҳотлар шу қадар тезлик билан амалга ошириляптики, айни вақтда Ўзбекистон Осиёнинг энг муҳим давлатига айланди. Шу боис Президент Шавкат Мирзиёевни қутлаш керак, чунки тарихда қолади. Буюк қаҳрамонлар ва лидерлар силсиласида муҳим ўрин тутади. Аллоҳ ундан рози бўлсин.
Бизни ҳурматли Маданият вазири ўринбосари Озодбек Назарбеков таклиф қилди. Турк дунёси нуқтаи назаридан жуда муҳим ишларни бажаряпти. У ерга бормасимдан аввал қўшиқларини эшитардим. Овозини жуда яхши кўрар эдим. Танишдик, руҳини, мардлигини, санъатга бўлган эътиборини яхши кўрдим. Менимча, у турк дунёсида энг муҳим ўрин тутувчи Маданият вазири ўринбосарларидан бири. Маданият соҳасининг йирик фигураси.
Таклиф қилишгандан кейин 1-1,5 йилдан буён бу лойиҳа устида ишлаяпмиз. Бир лойиҳани амалга ошириш осон иш эмас. Тайёргарлик яхши бўлиши керак. Саҳнага чиққунига қадар ҳамма нарса эътиборда бўлиши лозим. Бу диёр ва Жалолиддин Мангубердининг тарихини жуда яхши билар эдим. Фақат менинг билишим етарли эмас. Жамоанинг – либослар дизайнери, сценарий муаллифи, тасвирчи, режиссёрнинг ҳам хабардор бўлиши муҳим. Биз бир йилдирки бу лойиҳа устида жиддий иш олиб боряпмиз. Илк сценарийимиз тайёр бўлди. Декорациялар қуриш ишлари бошланди. Кўрганингиздек, кўп декорацияларимиз тайёр бўлди. Ҳозир янги декорациялар қуриляпти. Дунё миқёсидаги лойиҳа бўлади. Тез орада тасвирга олиш ишларини бошлаб юборамиз. Янада батафсил маълумотни ҳурматли Маданият вазири ўринбосари Озодбек Назарбековдан оласиз.
— Кимлар роль ижро этгяпти?
— Актёрлар ҳали маълум эмас. Иш кетяпти. Ўзбекистондан ҳам бўлади, албатта. Бу лойиҳага ўзбек ва турк актёрларини чақиришимиздан асл мақсад ўз тажрибамизни улар билан бўлишиш, ўзбек актёрларининг тажрибасидан фойдаланиб яхши бир лойиҳани амалга оширишдир. Мен ўзбек актёрларининг роль ижро этишини жуда истаяпман. Озодбек ака ҳам жуда кучли актёрлар номзодини кўрсатди. Ўзбекистонга бориб келганимдан кейин фақат Жалолиддин Мангуберди фильмида эмас, “Қурилиш. Усмон” ва бир қанча лойиҳаларимга ҳам ўзбек актёрларини таклиф қиламан. Уларга имконият берамиз. Биз жуда кўп лойиҳаларни амалга оширамиз ва уларда ўзбек қардошларимизнинг иштирок этиши бизни фақат бахтиёр этади.
— Сериалнинг бюджети қанча?
— Бюджетини айтолмаймиз. Батафсил маълумотларни айтганимдек Озодбек акадан оласиз.
— Бизнинг актёрлар кўп йиллар тарихий фильмлардан узоқ қолди.
— Бизнинг актёрлар ҳам узоқ эди. Аммо биз уларни ўқитамиз. Актёрларимизни ҳар лойиҳадан 5-6 ой аввал тайёрлаймиз. Мақсадимиз улар тайёр актёр бўлсин. Биз уларга от минишни, қилич тутишни ўргатяпмиз. Машқлар ўтказиб, уларга дарс беряпмиз. Бир тарафдан қарасангиз бу ер дунё миқёсидаги киностудия.
Жуда катта тасвирга олиш майдонимиз ва катта техник жамоамиз бор. Биз нафақат яхши лойиҳани амалга оширдик, балки бу ишнинг индустриясини қурдик. Ва бу индустрия кўп йиллар ўз маданиятимиз ва санъатимизга хизмат қилади.
— Ўзбек актёрларининг қиёфаси талабларга тўғри келяптими?
— Албатта! Жуда катта тажрибали ўзбек актёрлар бор. Айрим ўзбек актёрларимиз жуда ёқди. Улар билан ўз тажрибаларимизни бўлишсак, дунё миқёсидаги лойиҳаларга қўл урадилар.
— Ҳар ҳолда актёрликдан дарс бермайсиз.
— Йўқ, фақат тарихий дарсларни оляптилар. Қилич тутиш каби дарсларни назарда тутяпман.
Биздан Ўзбекистонга саломлар! У ерга борганимга бир ой бўлди. Аммо ҳозирдан у ерларни жуда соғиндим. Ўзбекистондаги қардошларимизга саломлар! Тарихингизга ва маданиятингизга эгалик қилишни асло унутманг.
LiveБарчаси