ПСЖ “шаҳзода” Мбаппенинг талабларини бажармагани маълум бўлди

Спорт 8239
image

Франциянинг ПСЖ клуби футболчиси Килиан Мбаппе ўтган ёзги трансфер ойнасида жамоага 4 нафар янги ҳужумчи таклиф қилмоқчи эди. Бу ҳақда "RMC Sport" хабар берди. 

Манбага кўра, 23 ёшли франциялик футболчи Маркус Решфорд ("Манчестер Юнайтед"/Англия), Усмон Дембеле ("Барселона"/Франция), Роберт Левандовски (“Бавария”, “Барселона”/Польша) ва Жанлука Скамаккани (“Сассуоло”/Италия) жамоада кўрмоқчи бўлган. Бироқ ушбу футболчиларнинг биттаси ҳам ПСЖга ўтишни ихтиёр қилмади.

Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг май ойида Мбаппе “Реал”га ўтиш таклифини рад этиб, парижликлар билан 2025 йилгача мўлжалланган шартнома имзолаган эди. Албатта, ушбу келишув ПСЖ раҳбариятига арзонга тушгани йўқ. Улар Мбаппени дунёнинг энг кўп иш ҳақи олувчи футболчисига айлантирибгина қолмай, унга битим имзолагани учун ҳам каттагина бонус тақдим этди. Қолаверса, 23 ёшли француз клубнинг трансфер сиёсатига бевосита аралашиш ҳуқуқни қўлга киритди.

Маълумот учун, жорий мавсумда Мбаппе ПСЖ сафида барча турнирлар доирасида 9 та учрашувда майдонга тушиб, 10 та гол урган. “Transfermarkt” портали франциялик иқтидор эгасини 160 миллион еврога баҳоламоқда. Килианнинг парижликлар билан амалдаги шартномаси 2025 йилнинг 30 июнига қадар тузилган.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 336
Рейтинг: 2.9
t
×