ПСЖ “қироли” Мбаппе Ҳакимига дакки берди

Спорт 4294
image

Франция терма жамоаси ва ПСЖ клубининг футболчиси Килиан Мбаппе  2021-2022 йилги мавсумдаги ўйинларнинг бирида жамоадоши Ашраф Ҳакимига дакки берган видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бу ҳақда “Мirror” нашри хабар берди.

Манбага кўра, кийиниш хонасига кириш йўлагида Мбаппе Ҳакимининг ёмон узатмасидан нолиган видео “Prime Video” камераларига тушиб қолган. шўа вазиятда қуйидагича мулоқот бўлган:

“Мбаппе: “Қасам ичаман, видеони томоша қил”.

Ҳакими: “Агар шундай бўлса, кечирасан”.

Мбаппе: “Афсус қилишнинг ўзи кифоя эмас, тўпни яхшилаб узат!”.

Қайд этиш керакки, ўтган ёзда Килиан Мбаппе Париж клуби билан шартномасини узайтирди. 23 ёшли футболчининг ПСЖ билан янги битим имзолаши жаҳон футболи жамоатчилиги учун мутлақо кутилмаган қарор бўлди. Сабаби ҳамма унинг Мадриднинг “Реал” клубига йўл олишини кутганди.

Мбаппе билан келишув ПСЖ клуби учун арзонга тушмади. Париж клубининг қатарлик эгалари  франциялик футболчини сайёрамизнинг энг кўп маош олувчи футболчисига айлантирди. Унга клубнинг трансфер сиёсатига аралашиш ҳуқуқи ҳам берилди. Шунингдек, ПСЖ жамоаси Килиан атрофида бирлашадиган бўлди.

Ҳозирда қанчалик ғалати туйилмасин Лионель Месси тўп сурадиган жамоада Килиан Мбаппе якка ҳукмронлик қилмоқда. Килианнинг Мессини туртиб ўтгани ҳақида тарқалган видео ҳам Парижнинг эркатой “шаҳзодаси” ким эканлигини намоён қилади. Унинг ҳукмронлигини чеклашга уринаётган ягона футболчи Неймар Жуниор бўлиб турибди. Неймар ва Мбаппе ўртасидаги можаролар тез-тез оммавий ахборот воситаларининг "микроскопи" остига тушиб қолмоқда. Ҳаттоки бразилиялик футболчи Мбаппенинг биринчи рақамли пенальти тепувчи бўлишига ҳам очиқчасига қаршилик билдирди.

Албатта, Килиан Мбаппе эркаликларни бас қилиб, ўзидан катта акаларининг ҳурматини жойига қўйса, ПСЖ дунёнинг исталган клубига муаммо туғдиради. ПСЖ клуби раҳбарларининг ҳам муддаоси айнан шу: Мбаппе, Месси ва Неймарнинг келишиб ҳаракат қилишини кўриш.

Маълумот учун, жорий мавсумда Мбаппе ПСЖ сафида барча турнирлар доирасида 7 та учрашувда майдонга тушиб, 9 та гол урган. “Тransfermarkt” портали франциялик иқтидор эгасини 160 миллион еврога баҳоламоқда. Килианнинг парижликлар билан амалдаги шартномаси 2025 йилнинг 30 июнига қадар тузилган.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 122
Рейтинг: 2.9
t
×